Ўзбекистонда педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги рағбатлантириш тизими жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.
Қайд этилишича, фундаментал фанлар ўқитувчилари учун рағбатлантиришнинг янги тизими йўлга қўйилади. Миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз устама тўланади. Шунингдек, ҳар йили 208 та туман ва шаҳардаги энг яхши натижа кўрсатган ўқитувчиларнинг ҳар бирига 30 млн сўмдан мукофот берилади.
Бундан ташқари, 1 минг нафар ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди.
Камида 15 йиллик иш стажига эга педагогларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўловларини қоплаш мақсадида фоизсиз таълим кредити ажратилади. Хорижий ва миллий сертификатларни олиш учун имтиҳон топширган ўқитувчиларнинг харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино ва Менделеев номидаги халқаро ҳамда минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагогларга тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилади.
Президент ушбу ташаббуслар қарийб 100 минг нафар ўқитувчини рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синф ўқувчилари учун олимпиаданинг туман босқичида ғолиб бўлганларга компьютер совға қилинади.
Уларнинг устозларига эса олимпиаданинг туман босқичи учун 10 млн сўм, вилоят босқичи учун 50 млн сўм, республика босқичи учун 100 млн сўм миқдорида мукофот берилади.






