Давлат раҳбари ўз мурожаатида форум иштирокчиларини қутлаб, Хиванинг асрлар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.
Мирзиёев Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги амалий мазмун билан бойиб бораётганини қайд этди. Хусусан, жорий йил 9 июль куни икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланганини муҳим воқеа сифатида баҳолади.
Қайд этилишича, 2025 йил якунига кўра Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард долларга яқинлашган. Томонлар 2030 йилгача ушбу кўрсаткични икки баробар оширишни мақсад қилган.
Президент хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш иқтисодий ўсиш, инновацион ривожланиш ва мамлакатлар рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда ўтган йилнинг ўзида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадларига 23,5 триллион сўм ёки қарийб 2 миллиард доллар маблағ йўналтирилган. Натижада 425 мингдан зиёд аёл иш билан таъминланган ёки ўз бизнесини бошлаган.
Шунингдек, Мирзиёев Беларусь раҳбариятининг хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш, илм-фан, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади. Беларусьда 2026 йил “Беларусь аёли йили” деб эълон қилингани ҳам қайд этилди.
Форум доирасида саноат кооперацияси ва инвестициялар, агросаноат мажмуаси ва биотехнологиялар, рақамли ечимлар, туризм ҳамда ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Президент янги тадбиркор аёлларни ўқитиш, менторлик тизими ва электрон савдони ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мурожаат якунида давлат раҳбари форум қарорлари Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон аёллари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлишига ишонч билдирди.






