Бухоро шаҳрида жойлашган “Карвон” бозорида 3 октябрь куни кечқурун йирик ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 октябрь куни соат 21:49 да Бухоро вилояти ФВБга шаҳардаги бозор ҳудудида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг қутқарув бўлинмалари воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган ва ёнғинни ўчириш ишларини бошлаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин соат 23:45 да қуршаб олинган. 4 октябрь соат 00:12 да эса ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Вазирликнинг билдиришича, ҳозирга қадар ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори ҳақида қўшимча маълумотлар ҳозирча очиқланмаган.






