АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Осиё конституциявий судлари конгресси иштирокчиларига табрик йўллади

Давлат раҳбари ўз табригида конгресснинг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

'Мирзиёев Осиё конституциявий судлари конгресси иштирокчиларига табрик йўллади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII конгресси иштирокчиларига табрик йўллади.

Давлат раҳбари ўз табригида конгресснинг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, асрлар давомида турли халқлар, маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот марказларидан бири бўлиб келган Самарқандда конституциявий одил судлов органлари вакилларининг бир даврага жам бўлиши муҳим тарихий воқеадир.

Конгресс Конституциянинг устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда рақамли трансформация даврида адолатни таъминлаш масалаларига бағишланган.

Президент бугунги кунда турли қарама-қаршиликлар, иқлим ўзгариши, ижтимоий тенгсизлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, ноқонуний миграция ҳамда кибержиноятчилик каби муаммолар халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва давлатлар ўртасидаги ишончни жиддий синовдан ўтказаётганини қайд этди.

«Бундай мураккаб вазиятда Конституциянинг устуворлиги фақат ички ҳуқуқий масала эмас, балки давлат суверенитети, жамият барқарорлиги ва умумий тараққиётнинг ҳал қилувчи шарти сифатида намоён бўлмоқда», дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказига инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари қўйилаётганини таъкидлади. «Инсон қадри учун» ғояси давлат органлари фаолияти ва қонунларнинг мазмун-моҳиятини баҳолашда асосий мезонга айланаётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари янгиланган Конституцияда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилганини эслатди. Қонунчиликдаги зиддият ва ноаниқликларни инсон фойдасига талқин қилиш, ҳуқуқий таъсир чораларининг мутаносиблиги конституциявий қоида даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Президентнинг қайд этишича, Конституцияни ҳаётнинг асосий қомусига айлантиришда конституциявий назорат органларининг ўрни беқиёс. Конституциявий одил судлов тизими қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш орқали инсон манфаатларини ҳимоя қилади, давлат ҳокимиятининг конституциявий мезонлар доирасида ҳаракат қилишини таъминлайди.

Шунингдек, судьяларнинг мустақиллиги ҳар бир инсоннинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқини таъминлайдиган муҳим конституциявий кафолат экани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Осиё мамлакатларини инсон қадри, адолат, судьялар мустақиллиги ва қонун устуворлиги каби муштарак қадриятлар бирлаштириб туришини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ассоциацияга раислиги даврида Осиёда ҳуқуқий мулоқотни янги босқичга кўтариш, амалий ҳамкорлик муҳитини кенгайтириш, янги ташаббус ва ғояларни ишлаб чиқиш ҳамда барча аъзо давлатларга манфаат келтирадиган механизмларни жорий этишга ҳаракат қилинаётгани билдирилди.

Президент конгресс якунида қабул қилиниши кутилаётган Самарқанд декларацияси рақамли даврда конституциявий одил судлов тизимини ривожлантириш, адолатли жамият барпо этишга қаратилган умумий ёндашувларни мустаҳкамлаш ва кенг кўламли ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.

«Умумий мақсадимиз – бугунги замоннинг талаби бўлган сунъий интеллект ва замонавий технологияларни инсон манфаатларига ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтириш, ҳар бир шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган воситага айлантиришдан иборатдир», деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2026–2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик қилмоқда. Ассоциациянинг VII конгресси Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Осиё конституциявий судлари конгресси иштирокчиларига табрик йўллади - Darakchi.uz