АсосийJamiyat

"1-2 ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин, агар..." Германиялик инфекционист ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди

'"1-2 ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин, агар..." Германиялик инфекционист ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди'ning rasmi

Бир ойдан бери Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассисларидан бири, профессор,  тиббиёт фанлари доктори Вернер Бэр “COVID-19”нинг тарқалишини олдини олиш бўйича консультант сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штабида бўлиб турибди. 

Инфекционист, микробиолог, Германиянинг микробиологик лабораторияларини аккредитация қилувчи органи (DAkkS)нинг эксперти бўлган Вернер Бэр Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият бўйича фикрлари билан ўртоқлашди ҳамда юртдошларимизни огоҳликка чақирди.

– Бир ой давомида юртимиздаги эпидемиологик вазиятни ўрганиш имконингиз бўлди. Уни қандай баҳолайсиз?

– Аслида бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Биринчи марта май ойида келгандим. Ўша пайтдаги ва ҳозирги вазиятни таққослайдиган бўлсам, айни вақтда янги касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши сезиларли даражада ошди. Шунингдек, ўз юртим ва Ўзбекистондаги ҳолатни таққослаш имкониятига эгаман. Германияда коронавируснинг биринчи қайд этилиши сизнинг мамлакатингизга қараганда олти ҳафта олдин бошланган. Яъни ҳозир Ўзбекистонда кузатаётганларим Германияда 1-2 ой аввал бўлган вазиятга ўхшайди. Ушбу таққослаш имкониятининг ўзига хос афзалликлари ва ижобий томонлари мавжуд. Чунки мен Германияда тўплаган тажрибамни маълум вақт силжиши билан мос равишда Ўзбекистонда қўллаш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.

– Германия ва Ўзбекистонда одамларнинг эпидемиологик вазиятни қабул қилишида фарқ кузатдингизми?

– Йўқ, аксинча. Одамларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилсак, улар Германиядагига жуда ўхшаш. Яъни дастлаб одамлар вирус хавфини жиддий қабул қилишди, тартиб-интизомга қатъий риоя этишди. Аммо вақт ўтиши билан фуқаролар бўшашди: ораларидаги ижтимоий масофани сақламай, ниқобларни тўғри тақмай қўйишди. Мен ҳозир ҳудди шунга ўхшаш вазиятни бу ерда ҳам кузатмоқдаман. Куни кеча меҳмонхона деразасидан шундай ҳолатни кузатдим: фаввора ёнида ёшлар ниқобни тўғри тақмаган ва ижтимоий масофани сақламаган ҳолда дам олишяпти.  

Афсуски, Германияда одамлар тартиб-интизомга риоя қилишни унутган ўша пайтда вируснинг қайд этилиши анча ўсди. Вазиятдан фойдаланиб, юртингиз аҳолисини огоҳликка чақирмоқчиман. Агар орангизда шундай бефарқ одамлар кўпаядиган бўлса, 1-2 ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин. Шунинг учун ҳам эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари зарурлигини айтмоқчиман. Вазиятни назорат қилиш одамларнинг ўз қўлларида.

    Бошқа янгиликлар