АсосийJamiyat

Ўзбекистонда Цзянси анъанавий хитой табобати университети филиали очилади

'Ўзбекистонда Цзянси анъанавий хитой табобати университети филиали очилади'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ўн кун аввал юртимизга Хитойдан келган вирусолог, эпидемиолог, хирург, пульмонолог, фтизиатр, невролог каби мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ шу вақтгача  маҳаллий шифокорлар ўртасида онлайн конференциялар ташкил қилишган. 

Вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари билан мулоқотлар ўтказиб, меҳмонлар томонидан коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморларга консультациялар берилишган. Шунингдек, улар юртимиздаги коронавирусга ихтисослашган шифохоналар, саралаш ва тақсимлаш марказларининг иши билан танишиб, ўз амалий тавсияларини беришди.

Бугун эса Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Хитойнинг “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.” фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь бошчилигидаги навбатдаги гуруҳни қабул қилди. 

Фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат делегациянинг мақсади Ўзбекистон тиббиёт ходимлари билан “COVID-19” пандемиясига оид маълумотлар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликда касаллик кенг тарқалишини олдини олиш, уни назорат қилиш ва даволаш ишларига кўмаклашишдир.

Мулоқот давомида меҳмонлар анъанавий хитой табобатининг бугунги кунда коронавирусга қарши курашдаги аҳамияти хусусида батафсил гапириб беришди, ушбу йўналишда юртимиз билан кенг ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.  

Жумладан, мамлакатимизда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг филиалини ташкил қилишга келишиб олинди. Бу ерда тайёрланадиган мутахассислар халқ табобати илмини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалиётда қўллашлари мумкин бўлади.

    Бошқа янгиликлар