Ҳозирда дунёдаги энг катта муаммо бўлиб турган коронавирус пандемияси илк бор Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлганидан хабарингиз бор, албатта. Ухань расмийларининг хабар беришича, шаҳарда 1 сентябрь сешанба кунидан бошлаб барча болалар боғчалари ва мактаблар очилади. Бу ҳақда таржумон ёзмоқда.
Сешанбадан кузги ўқув муддати бошланар экан Ухандаги 2842 та таълим муассасаси шаҳардаги 1.4 миллион нафар ўқувчиларга ўзларининг эшикларини очишни режалаштиришмоқда, дея хабар берди Ухань ҳокимияти жума куни. Ухань университети эса 24 августдаёқ ўз фаолиятини бошлаган.
Шаҳар маъмурияти агар коронавирус хавфи туғилгудек бўлса, онлайн таълим бериш учун фавқулодда режалар ҳам тайёрланиб қўйилганини айтган. Ўқувчиларга мактабга бориш ва келишда юз ниқобларидан фойдаланиш, имкон бўлса жамоат транспортига чиқмаслик тавсия этилди.
Мактабларга касалликни назорат қиладиган жиҳозларни шай ҳолатга келтириш ва ўқув машғулотларини бошлашдан олдин трейнинглар олиб бориш вазифаси юкланди. Шунингдек, мактаблар ўқувчиларнинг соғлиги ҳақидаги ҳар кунги хабарлани соғлиқни сақлаш идораларига жўнатиб туришлари керак бўлади. Ўзларининг таълим муассасаларидан чақирув хати олмаган талабалар ва ўқитувчиларнинг шаҳарга қайтишларига рухсат берилмайди.
Коронавируснинг “ватани” бўлган Ухань январь ойининг охирида қатъий карантин туфайли ёпиб қўйилган ва бу ҳолат икки ойдан кўпроқ муддат давом этганди. Уханда коронавирусдан ўлганлар 3869 кишини ташкил қилади ва бу бутун Хитойда қайд этилган ўлим ҳолларининг 80 фоизи демакдир.
Уханда апрель ойида карантин бекор қилинди. Шундан кейин шаҳар нормал ҳаётга қайтишни бошлади. Бу ерда 18 майдан бери аҳоли орасида коронавирус билан касалланиш ҳоллари аниқланмаяпти.






