АсосийDunyo

Бразилиядаги сув тошқини оқибатида 2 минг киши уйларини тарк этди

Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатида кучли ёмғир натижасида сув тошқини юзага келди. Бунинг оқибатида 2,2 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар бермоқда.

Риу-Гранди-ду-Сул штатининг 12 та ҳудудида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Айниқса Аргентина чегарасидаги Уругвайана шаҳрида эса ўта оғир вазият  кузатилмоқда.

26 декабрь, шанба куни мамлакат Президенти Дилма Руссефф сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга ташриф буюрди ва табиий офатдан азият чеккан оилаларга давлат бюджетидан маблағ ажратишга ваъда берди.

“Федераль, ҳудудий ва муниципаль ҳукумат вакиллари аҳоли яна тинч ва фаровон ҳаётга қайтишлари учун биргаликда иш олиб боришлари керак. Янги йил байрами арафасида турганимизни инобатга олсак, биз ўта оғир вазиятдамиз”, — деди мамлакат Президенти.

Жанубий Американинг тўртта давлати-Аргентина, Парагвай, Бразилия ва Уругвайда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 160 минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Кучли шамол ва ёмғир оқибатида олти киши ҳалок бўлган.

    Бошқа янгиликлар