1

“Келининг ёмон бўлса, ўғлингдан...”

МУТОЛАА 28.12.2015, 12:48
 “Келининг ёмон бўлса, ўғлингдан...”

Ушбу мактубни ўқиб изтиробга тушдик. Номани ёзган онахонга ачиндик. “Қарс икки қўлдан”, дейишади. “Балки, онахоннинг ҳам айби бордир?” деган хаёлга ҳам бордик. Аммо нима бўлганида ҳам ота-она олдида биз фарзандларининг қарзимиз узилмасдир. Ўйлаймизки, бу нома барча ўқувчини сергак торттиради...

Албатта, бу дунё бири кам. Бунга ушбу саҳифани ҳар доим кузатиб, амин бўляпман. Ана шундай дили кемтик бўлганлардан, юраги дардга тўлганлардан бири ўзимман. Мен ҳам қалбимда сақлаб юрганларимни сиз билан бўлишиб, енгил тортмоқчиман...

Биласизки, ҳар бир ота-она фарзандининг камол топишини, яхши инсон билан оила қуриб, бахтли-саодатли яшашини истайди. Менинг ҳам орзум шу эди. Аммо ўғлимни уйлантираётганда “Яшайдиган у бўлса, нима қиламан кўриб?” дебман.

Аслида ота-она фарзанди тақдирига асло бефарқ бўлмаслиги лозим экан. Бир кун келиб бу бепарволигингиз ўзингизга бало бўларкан.

Афсуски, мен ўшанда эътиборсиз бўлдим. Ўғлимга ишондим. Шунинг учун келинимни илк бор тўй куни кўрдим. Ичим узилди: келинимнинг  ўнг оёғи калта, нуқсонли, туғма сколиоз касаллиги билан туғилган экан.

Ўғлим эса ҳарбий. Биласизки, ҳарбийликка етти мучаси соғ, алпқомат, паҳлавон йигитларни олишади. Мақтаниш эмас, ўғлим ўктам йигит. Келиним эса қизлик давридан оғир меҳнатдан ва жисмоний тарбия фанидан озод этилган экан. Шаҳодатномасида ҳам шу фандан баҳо қўйилмаган.

У турмушга чиқаётганда ўз хастагини ўғлимдан яширган.

Нима ҳам дердик? Тақдир деймиз-да! Пешанасига шу битилган экан, дедик, бахт тиладик. Шукрки,  икки фарзандли бўлишди.

Аммо тўнғичини туққанидан сўнг келинимнинг мушак-бўғинлари ўнг томонга қийшайиб, лапанглаб, юрадиган бўлиб қолди.

Иккинчи фарзандига ҳомиладорлик пайтида тос суяги боланинг бошини қисиб қўйиб, натижада неварам носоғлом туғилди.

Ҳозир шу неварам тутқаноқ дардига гирифтор бўлиб, кўкариб, беҳуш бўлиб оғзидан сафро келади. Кейин тез-тез тили ичига тушиб кетиб, ўзини билмай қолади.

— Бошқа туғманг энди. Нима қиласиз, ўзингизни ҳам болани ҳам қийнаб, —  дейишга мажбур бўлдим  келинимга.

Рости, неварамга қараб эзиламан-да. Ахир соғлом онадан соғлом бола туғилади. Шундай эмасми? Балки шу гапларим келинимни менга душман қилгандир?

Ўғлим ва келиним икки йилгина биз билан бирга туришди. Тўққиз йилдан буён ҳарбий шаҳарчада, “дом”да яшади. Келиним ўзига хон, ўзига бек бўлиб хоҳлаганча турмуш кечиради. Бизникига бир ҳафтада ёки икки ҳафтада келишар эди. Табиийки, ҳовли уйда домга қараганда иш кўп бўлади. Келиним эса енгил ҳаётни орзу қилади. Шу боис бир-биримизни тушунмай қоламиз.  Бир куни иккимиз айтишиб қолдик.

Сал ўтмай ўғлим ишдан келди. Келиним унга нима деганини билмайман. Кутилмаганда ўғлим важоҳат билан бақирди:

— Бу уйда тинчлик борми, ўзи?

Бу ҳам етмагандек, чойнак ва тувакни отиб юборди. Чил-чил синди улар. Келин бу аҳволни кўрди. Аммо вазиятни эрига тушунтирмади.

Ҳатто ўғлим мени, отасини бўлмағур сўзлар билан ҳақорат қилганида ҳам миқ этмади. Агар у ақлли, мулоҳазали келин бўлганида эрига “Нега ота-онангизга бақирасиз?” демасмиди?!

Аксинча, шундан сўнг келиним мен билан тез-тез уришадиган одат чиқарди. Уришганда ҳам беҳурмат қилиб, сенлаб муомала қиларди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади.

Чидолмадим.

— Боринглар, “дом”да яшайверинглар! Бизни бўри емайди! — дея кўч-кўронини юклаб бердим.

Мана шунга ҳам тўрт йил бўлаяпти. Афсус, бу ҳам уларни ўзгартирмади.

“Келининг ёмон бўлса ўғлингдан кўр”, дейишгани бежизга эмаскан. Бундай дейишимга сабаб...

Нафақадаги ўқитувчиман. Турмуш ўртоғим қирқ йил ҳайдовчилик қилган. Аммо ҳозир инсульт, тўшакка михланиб қолган. Топганимизни болаларимизга дедик, уларни ўқитдик. Икки қизимни турмушга ҳам бердик. Иккимиз ҳам фарзандларимизнинг барчасига ўта меҳрли бўлганмиз. Айтганини, муҳайё қилдик...

Балки шунинг учун ҳамма истаклари сўзсиз бажарилгани учун ўғлим бемеҳр бўлгандир? У буткул, таниб бўлмас даражада ўзгарган.

Бир куни шамоллаб қолдим.

— Ўғлим келгунга қадар қайнотангизга қараб туринг, — дея илтимос қилдим. Ўзимнинг ҳолим йўқ эди.

— Қайси келин қайнона-қайнотасига қараяптики, мен қарамайман?! — деди у бақириб. — Ўша уйда чириб, ўликларинг қолсин!

Ана шу гапларни айтсам, ўғлим менга жаҳл қилди. Келиним эса унинг олдида туриб шанғиллади:

— Ҳайвон, ҳозир бўғиб ўлдириб қўяман!

У шундай деб ўдағайлаб мен томон келди. Қотиб қолдим.

Мен келинимдан эмас, куну тун ўғлимдан хафа бўлиб йиғладим.

Ахир ота-она омонат. Бундай бемеҳр ўғилдан қалбим ғам-ғуссага тўлди. Унга аёлининг ҳурмача қилиқларини айтсам, унга лом-мим демайди. Шунданми, келин бошимга чиқиб олди.

Энг ёмони иккиси ҳам мени ва турмуш ўртоғимни назар-писанд қилишмайди. Охири йиғлаб дедим:

— Ота-онага қандай каромат кўрсатсанг, эртага ўзларингга қайтиб келади! Бу дунё — ҳисобли дунё! Қайтар дунё!

Кошки бу гапларим уларга кор қилса...

Ўғлим ота-онаси қариб, кўзидан нур, белидан куч-қувват кетганида мадад бўлиш ўрнига бу тарзда хўрласа, қандай чидай?

Баъзан жаҳл устида ўғлимнинг устидан шикоят қилиб, ишхонасига борсамми, дейман. Яна болам-да, уни ўйлайман. Ахир ишдан ҳайдаб юборишади-ку, дейман. Тағин қўрқаман ҳам. Пичоқ суякка етганда ўзига “Устингдан ишхонангга шикоят қиламан” дегандим. Ўшанда ўғлим ўзимга дағдаға қилганди:

— Агар устимдан арз қилиб борсангиз, ўзимни ўзим ўлдираман!

Бу гапдан кейин қайси она қаттиқ гапиришга журъат этади?

Ўғлимга ҳатто машина ҳам  олиб берганмиз. Машина ҳам бировларга хизмат қилади, бизга эмас...

Нима қилишни билолмай бошим қотиб қолди. Тунларни уйқусиз ўтказмоқдаман. Ҳозир уйга келин келмайди-ю, ўғлим келиб туради. Ҳар бир гаплари кўнглимга наштардай санчилади. Дил ярасининг битиши қийин бўларкан.

Бу гапларни “қўшнига айтсанг қўшади, овулга айтсанг ошади”. Шунинг учун юрагимда сақлаб юрибман. Сизларга эса барча фарзанд ўқисин ва уларга сабоқ бўлсин деб ёздим.

Болаларим, ота-онангиз ғанимат. Улар бир умр бошингизда насиҳат қилиб ё ташвиш бўлиб турмайди. Кун келади изларини ҳам топа олмайсиз. Борида дуосини олиб, рози қилинг дегим келади. Ахир, ота-она рози — Худо рози.

  Н.УСАНБОЕВА оққа кўчирди

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1