Бугун 18 январь куни Туркия жанубий-шарқидаги Килис провинциясида жойлашган ўрта мактаб биносида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, яраланганлар орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор. Ҳалок бўлганлар сони ҳозирча маълум эмас.
Today's Zaman нашрининг хабар беришича, ҳалок бўлганлар сони ҳозирча камида икки кишини ташкил этмоқда. Портлаш маҳаллий вақт билан 09:30 ларда содир бўлган. Ҳодиса жойига тез ёрдам ва қутқарув хизмати етиб келган.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари портлаш сабабларини ўрганмоқда. Тахмин қилинишича, Сурия томонидан ташланган мина мактаб ҳудудида портлаб кетган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни Истанбул шаҳри марказидаги Султонаҳмад майдонида теракт юз бериши оқибатида 10 киши ҳалок бўлган эди. Мамлакат ҳукуматининг аниқлашича, терактни “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти аъзоси содир этган.





