Яқинда Алишер Навоий номидаги киносаройда тақдимоти бўлиб ўтан “Барон” фильми ҳали экранларга чиқмасдан катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Фильмдан сўнг режиссёр Рустам Саъдиев янги режалари, фильм тўғрисидаги фикрлари билан Kinorama.uz нашри билан ўртоқлашди.
— Мен фильмга биринчи навбатда Ватан олдидаги бурч тушунчаси нуқтаи назаридан ёндошдим. Бизнинг ўсиб келаётган ёш авлодларимиз фаровон ўсиб улғайиши учун кўринмас фронт жангчиларининг жуда катта меҳнати туради. Миллатимиз қадрига етиши керак бўлган кўп тушунчалар борлигини билишимиз керак. Биз тинчлигимиз ортида қанчадан қанча ўзбек ўғлонларининг меҳнати ётгани ҳақида гапирмоқчи бўлдик. Актёрларни ҳам шу нуқтаи назардан танлаб олдим.
Шунингдек, режиссёр “Барон” фильмининг иккинчи қисмини суратга олиш режаси олдиндан тузилганлигини айтиб ўтди.
— Режамиз бўйича бир неча ойдан кейин фильм сценарийси тайёр бўлиб, тасдиқдан ўтгандан сўнг ёзнинг охирги ойларида “Барон 2” фильмининг суратга олиш ишлари бошланиши керак, дейди Рустам Саъдиев.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фильмда Голливуд актёри Ғассон Масъуд, Россия халқ артисти Андрей Смоляков, Виктор Вержбитский, Павел Прилучний ҳамда “Бригада” фильмида ўйнаган Фарҳод Маҳмудов, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов, Улуғбек Қодиров, Жавоҳир Зокиров, Муҳаммадисо Абдулҳаиров, Бекзод Ҳамроев, Ҳабибулла Низомов, Дилноза Кубаева, Шаҳло Темирова, Жамила Ғофурова, Шаҳзода Матчонова, Дилором Эгамбердиева каби актёрларни кўришимиз мумкин бўлади.





