Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институти веб-сайтига ҳакерлик ҳужуми қилинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди (@mvdlife). Ушбу хабар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз: Ҳакерлик ҳужуми уюштирилган веб-сайт ЎзР ФА Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти веб-сайти бўлиб, мазкур ҳолат Институт масъул ходимлари томонидан бартараф этилди. Фанлар академияси томонидан илмий-тадқиқот муассасасининг веб-сайтини такомиллаштириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича топшириқлар белгиланди. Сайтга қўйилган банк пластик картаси Бабоев Бабакулга тегишли эканлиги аниқланди. Эслатиб ўтамиз, кибержиноят учун жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятлар ва уларга нисбатан жавобгарлик кўзда тутилган. Жумладан, ушбу кодекснинг 278⁵-моддасига кўра, ўзганинг компьютер ускунасини қасддан ишдан чиқариш, худди шунингдек, компьютер тизимини бузиш (компьютер саботажи): 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима; 2 йилгача озодликни чеклаш; 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. |
23.11.2020 18:45
Фанлар академиясига тегишли бўлган сайт ҳакер ҳужумига учради






