АсосийShou-biznes

Фарҳод Маҳмудов: “Ҳаётда ўта зерикарли инсонман”

16 январдан бошлаб томошабинлар эътиборига ҳавола этила бошлаган “Барон” фильмидаги асосий роллардан бирини ўйнаган актёр Фарҳод Маҳмудов мазкур картинадан сўнг кўпчилик ўзбек томошабинларининг севимли актёрига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Фильмдаги Фарҳод ижросидаги образ шу даражада ишончли ва таъсирли чиққанки, унда сохталикни кўрмайсиз. Кўз қарашлари, мимикаси ва гап-сўзлари билан бизни мафтун этган актёр ҳақида кенгроқ маълумот беришга қарор қилдик. Хўш, асли ўзбекистонлик Фарҳод Маҳмудов ҳаётда қандай инсон?

У ҳақда қисқача...

Фарҳод Махмудов 1972 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. Бўлажак актёр ўн етти ёшигача Ўзбекистонда яшаган. У мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ фильмларда суратга туша бошлаган. Фарҳоднинг кинодаги дебюти “Бўрилар” фильмидаги роли бўлган.

Мактабни тамомлаганидан сўнг Фарҳод Москвага кетади. У ўшандаёқ бир нечта фильмларда суратга тушишга улгурган эди. Валерий Ахадовнинг “Назар”, Мелис Абзаловнинг “ Шарқ муғомбири” мусиқали комедияси шулар жумласидандир.

Фарҳод Махмудов 1993 йилда Бутун Россия давлат кинематография университетини тамомлаган. 1993-1994-йилларда Москва драма театрида, 1994-йилдан Роман Виктюк театри актёри бўлиб фаолият юритмоқда.

Фарҳод Махмудов “Бригада” сериалида, “Сизникига фаришта келди”, “Застава” , “Сутли виски” каби фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган.

“Осудаликни ёқтираман”

— Ростини айтсам, мен ҳаётда ўта зерикарли инсонман. Ёшлигимда спектакл тугаши биланоқ дискотека ёки ресторанларга кетаверардим. Ҳозир эса суратга олиш ишлари якунлангандан сўнг меҳмонхонага шошиламан, ёлғиз қолиб, китоб ўқишни, кино кўришни ёки оилам билан “скайп” орқали гаплашишни ёқтираман.

Кўчада кетаётганимда мени таниб, дастхат олиш учун келган мухлисларимга ҳеч қачон эътироз билдирмайман. Улар билан бирга суратга тушаман, дастхат бераман. Биз-актёрлар томошабин учун меҳнат қиламиз, ахир! Буни унутмаслик керак.

“Ота бўлганимда ҳаяжонланганман”

— Менга ўғлим Искандарни 23 февраль куни туғилишини айтишганди. Аммо 7 март келса ҳамки, у туғилай демасди. Роса кутганмиз. Охири туғруқхонага бориб, хотинимга “8-март куни туғсанг, уйга келиб ўтирма!” деганман. Ўғлим 10 март куни туғилди. Уни кўриб ҳаяжонланганимдан кутганларим ҳам эсимдан чиқиб кетган.

“Барча миллий таомларни тайёрлашни биламан”

— Мени тез-тез ошхонада учратиш мумкин. Одатда ош ёки шўрва қиламан. Умуман олганда, барча миллий таомларни тайёрлашни биламан. Уйдан ташқарида эса ҳеч нима пиширмайман. Съёмка майдончаларида нима беришса, шуни еб кетавераман. Турмуш ўртоғим карам шўрвани яхши тайёрлайди.

“Онам тез-тез мендан хафа бўлади”

— Онам қариндошлар унга қўнғироқ қилиб, мени телевизорда кўрсатишаётганини айтишса, дарров менга қўнғироқ қилиб “Нега айтмадинг? Мени эсингдан чиқариб қўйдингми?” деб хафа бўлади. Айтганча, 1 январь онамнинг туғилган куни. Ҳар йили янги йил онамнинг туғилган кунига уланиб кетади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар