Халқ таълими вазирлиги Парламент назорат-таҳлил тадбирига жиддий тайёргарлик кўрмаган, дея фикр билдирган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Умиджон Жабборов.
Бугун Қўмитамизда халқ таълими тизимида тегишли йўналиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш якунига бағишланган йиғилиш ўтказдик. Халқ таълими вазирлигида таълимни рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этишдаги вазифалар ижроси назорат-таҳлил тартибида муҳокама қилинди. Яъни, мактабларни тезкор интернет билан таъминлаш, “онлайн мактаб”, “электрон кундалик”, “электрон дарслик”, “онлайн олимпиада”, “мактабга онлайн қабул” ва шу каби долзарб масалалар.
Тўғриси, тадбирдан депутатлар тўла қониқиш ҳосил қилмадик. Бунинг сабабларини шахсий фикрларим орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Биринчи: Халқ таълими вазири ўринбосари, ҳурматли Р.Каримжонов шахсан иштирок этди, бунисига раҳмат. Аммо, вазир ўринбосари Парламент даражасидаги назорат-таҳлил тадбирига худдики, ижро ҳокимияти йиғилишларидаги каби “иштирокчилик кайфияти” билан қатнашди. Умуман, ХТВ раҳбарияти кун тартибига бир томонлама – “топшириқлар бажарилди, иш ташкил қилинди” мазмунида ёндошди. Аслида, вазирликдан ахборот эмас, ҳисобот кутилган эди.
Куни-кеча Конституциянинг 28 йиллик санасини нишонладик. Асосий Қонунимизда ҳокимиятлар бўлиниши, хусусан, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятларининг ваколат ва мажбуриятлари ҳақида аниқ нормалар белгилаб қўйилган. (Гап ижро ҳокимиятининг Парламент олдидаги ҳисобдорлиги ҳақида бормоқда). Лекин, бунга амалда мантиқан амал қилишни ўрганмас эканмиз, натижадорлик қийин бўлади. Халқни, сайловчини эса шунчаки қуруқ гап-сўзлар қониқтирмайди.
Иккинчи: Қўмита ишчи гуруҳи ахбороти асосида тайёрланган хулосада келтирилган 7 та аниқ йўналишдаги камчиликлар таҳлили бўйича вазирлик томонидан бирма-бир муносабат билдирилмади. Аксинча, “бундай қараш нотўғри”, “масала фақат бизга қўйилмаган”, “қонунда шундай деб ёзилган” деган қарши иборалар билан вазиятдан чиқишга уриндилар. Депутатлар берган саволларга эса жавоб беришга ҳаракат қилинди, холос. Жавоб ўрнида “бирга ишлаймиз, қўшимча ахборот берамиз” дейиш билан чекландилар. Сабаби, вазирлик Парламент назорат-таҳлил тадбирига жиддий тайёргарлик кўрмаган.
Учинчи: Аслида, халқ таълими жуда катта ва оғир соҳа экани, ислоҳотлар фақат ва фақат битта вазирлик гарданида эмаслигини шундоғам яхши биламиз. Бироқ, давлат дастурлари, Президент фармон-қарорлари лойиҳаси тайёрланишида бошқа ижрочилар қатори Халқ таълими вазирлиги ҳам ўз таклифларини тақдим этган, уларнинг ижроси бўйича ҳам вазирликда ҳисоб-китоб бўлгани аниқ-ку! Тадбирда ўртага ташланган саволлар эса Миллий таълим тизимини яхшилашга қаратилган комплекс тадбирлар ижросида айнан Халқ таълими вазирлигининг ташаббуслари ва шу йўналишдаги муаммолар ҳақида эди. Афсуски, 12 саволдан 7 тасига кутилган жавоблар ўрнига натижа “уч нуқта” бўлди.
Дангал айтганда, депутатдан шунчаки савол кутманг, у аниқ ҳужжатдаги аниқ масаланинг ижросини сўрайди, холос. Депутатнинг вазифаси шу. Раҳбарларга бунинг нимаси ёқмайди, ҳайронман.
Хуллас, назорат-таҳлил тадбири якунида Халқ таълими вазирлигига тегишли муддат берилиб, масалалар ечими ҳақида қўшимча ҳисобот бериш юклатилди. Натижаси эса назорат остида бўлади.






