«Снос»га қарши мораторий энг тўғри йўл, дея фикр билдирмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
"Афсуски, компенсацияни қоплаш учун маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай «ура-ура»чилик оқибатида қисқа вақт ичида қўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда.
Бугун эса етказилган зарарларни қоплаш ўлганнинг устига тепгандек кўпгина режаларнинг тўхтаб қолишига ҳам сабаб бўлаяпти. Айниқса, ривожланишнинг асосий кафолати бўлган инвестиция жалб этиш масаласи ҳаммасидан ҳам ҳавотирли.
Бировнинг пешона тери билан қурган жойини асоссиз, розиликсиз бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бунга йўл қўйиш зулм билан баробар, зулм эса ёмон…
Шу йилнинг 18 декабрь куни соат 15.00да Учтепа туманлараро судида «снос» билан боғлиқ яна бир суд иши кўриб чиқилар экан.
Фуқаро С.Ногай Шайхонтохур туманидаги Навоий кўчасида жойлашган 125 кв.м дўкони бузиб ташланганлиги учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бир миллиард икки юз миллион сўм зарар ундиришни сўрамоқда. (https://t.me/muxbir1/8994)
Ишни собиқ депутат, айни пайтда Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судъяси Н.Муродов кўриб чиқиши белгиланган.
Бундай ишларни кўриб чиқиш осонмас. Айниқса, ҳалигача ижро ҳокимияти тизимида ҳар қандай ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолаётган бир пайтда, катта миқдордаги маблағни фуқарога ундириб бериш масаласини ҳал этиш судъядан ҳам профессионал билим, малака ва журъат талаб қилади.
Бироқ нима бўлганда ҳам биз жараённинг таъсирлардан ҳоли, мустақил ва адолатли ҳал этилиши тарафдоримиз ва воқеалар ривожини кутамиз.
Шу билан бирга инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб эканлиги ва асосий иш ўрни яратувчи, солиқ тўловчилар ҳам хусусий мулк эгалари бўлган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак, айнан «снос» масаласида маълум муддатга мораторий эълон қилиш айни пайтда муаммони ечишнинг тўғри йўли эканлигини кўрсатмоқда.
Токи мораторий бўлмас экан жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерлар асоссиз олиб қўйилишда давом этавериши мумкин.
«Снос»га қарши мораторий айрим жойларда хусусий мулк дахлсизлиги нима эканлигини тушунмайдиган, Конституция ва қонунлардаги талаблардан чуқур хабардор бўлмаган фаол «ижрочи»ларнинг қаернидир бузиб, ерни олиб қўяман, деган фикридан воз кечиб, шу юрт келажаги учун ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришга ундаган, фуқароларда эса ишонч уйғотиб, инвестиция иштиёқини оширган бўлар эди.
Биз нафақат қоғозда балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз холос.
Яшасин мулк дахлсизлиги, яшасин Конституция", деб ёзиб қолдирган депутат.






