Йил бошидан “Умид ва Рената ажрашибдими?” қабилидаги саволларнинг охири кўринмади. Ренатанинг сўнгги вақтларда Instagram’даги шахсий саҳифасига қўйиб бораётган суратлари ва тушкун кайфиятдаги изоҳлари ҳам тарқалган гап-сўзларнинг янада қулоч ёзишига сабаб бўлди. “Qalampir.uz” мухбири миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Умид ва Ренатага қўнғироқ қилди.
Рената Искандарова:
— Бу бизнинг шахсий ҳаётимиз. Шу боис бу ҳақида ҳеч қандай интервью бермаймиз. Қани айтингчи, мен ва турмуш ўртоғимдан бошқа ким бизнинг оиламиз ҳақида аниқ маълумот айтиши мумкин? Жавобим шуки, биз бирга бахтли яшаяпмиз.
Умид Искандаров:
— Бундай гапларни ким тарқатяпти? Ишонтириб айтаманки, бу хабар мутлақо нотўғри. Ҳаммаси уйдирма ва асоссиз миш-миш, холос. Оиламиз тинч ва биз бирга яшаяпмиз.
Бундан бироз аввал Умид Искандаровнинг турмуш ўртоғи Рената Искандаровани таваллуд айёми билан табриклаб Instagram’даги шахсий саҳифасига жойлаштирган суратига ҳам мухлислар юқоридаги гап-сўзлар билан боғлиқ изоҳлар қолдиришган эди. Кимдир Умид ҳам, Рената ҳам ижтимоий тармоқларга анчадан буён бирга тушган суратларини қўймаётганини айтса, яна кимдир Ренатанинг қўлида ҳатто никоҳ узуги кўринмай қолганини очиқ-ойдин ёзиб қолдирган. Рената эса бу изоҳларга жавобан “Оилавий суратимиз уйда турибди. Никоҳ узугимга келсак, бу бирга яшаётганимиз ёки бирга эмаслигимиздан нишон эмас”, – дея жавоб қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, Умид Искандаров ва Рената Искандарова 2008 йилда турмуш қурган.
26.01.2016 10:44





