Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг Қарши шаҳар ижро этувчи аппаратига Нишон тумани Янги Нишон шаҳри, Навбаҳор МФЙ, Шодлик кўчасида яшовчи фуқаро Озодбек Эшқобиловдан мурожаат келиб тушди.Бу ҳақда Федерация ахборот хизмати "Даракчи.уз"га хабар берди.
Унда билдирилишича, О.Эшқобилов Қарши шаҳри И.Каримов кўчасида “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ томонидан қурилаётган 21-сонли кўп қаватли уй-жойнинг биринчи қаватида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан ҳар бирининг нархи 225 миллион сўмдан бўлган 2 та савдо дўконини жами 450 миллион сўмга сотиб олиш тўғрисида шартнома расмийлаштирган. О.Эшқобилов томонидан шартномада белгиланган маблағ тегишли тартибда сотувчининг ҳисоб рақамига тўлиқ тўланган. Бироқ мазкур кўп қаватли уй Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 2 февралдаги қарорига асосан фойдаланишга қабул қилинган бўлсада, “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ томонидан шартномада кўрсатилган савдо дўконлари фуқаро О.Эшқобиловга топширилмаган.
Ушбу мурожаат Федерациянинг Қарши шаҳар ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилганда, фуқаро О. Эшқобиловга берилиши керак бўлган савдо дўконлари банк томонидан ажратилган кредитнинг қайтарилиши кафолати сифатида гаров ҳисобига таъқиққа қўйилганлиги маълум бўлган ва истеъмолчига етказилган зарарларни ундиришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарорига биноан, “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ ҳисобидан истеъмолчи О.Эшқобилов фойдасига 450 миллион сўм ҳамда жарима сифатида 45 миллион сўм, жами 495 миллион сўм компенсация ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ ҳисобидан 19 миллион 800 минг сўм давлат божи ундирилди