Маълумки, Леонардо Ди Каприо шахсий ҳаётига оид даллилларни, суратларни омма эътиборига ҳавола этишни ёқтирмайди. Шунинг учун мухлислар унинг болалигидаги воқеалардан мутлақо бехабар, деб ёзади “7days.ru”.
Яқинда интернет саҳифаларида Леонардо Ди Каприонинг ижодини ҳурмат қилувчи мухлислар ёш Леонинг ота-онаси билан бирга тушган суратини кўриш бахтига муяссар бўлдилар ва уни қизғин муҳокама қилдилар. 41 ёшли актёр оиланинг ягона фарзанди. Унинг отаси Жорж Ди Каприо ва онаси Ирмелин Инденбиркен ўз даврининг энг замонавий “хиппи” ларидан бўлган. Сурат айнан шу ҳаракат авж олган пайтларда туширилган. Бу оилавий сурат кўпчиликни ҳайратга солди.

Актёрнинг онаси Ирмелин узоқ йиллар суд котибаси бўлиб хизмат қилган. У ўғли билан тез-тез “қизил йўлакча”да кўзга ташланади. Актёрнинг онаси машҳур кишилар иштирокида ўтказиладиган тадбирларда нозик диди билан ҳаммани қойил қолдирган. Кундалик ҳаётда ҳам ташқи қиёфасига жуда катта эътибор беради. Леога ёқадиган аёлларнинг бирортаси унинг “кастинг”идан ўта олмаган. Мухлислар унинг кўримсиз қиёфадаги суратини кўриб, ҳайрон бўлишди.
Айни шу кунларда намойиш этилган “Омон қолган” фильмидаги роли учун АҚШ киноактёрлари Гильдияси томонидан берилган мукофотни қўлга киритган Леонардо Ди Каприо, барча эришган ютуқлари учун ота-онасидан миннатдор бўлиб, шундай деди: “Мен бу ғалабамни ота-онамга бағишлайман. 13 ёшли мендай безори болакайнинг гапларига қулоқ солиб, актёрлик маҳорати курсларига юборганликлари учун улардан бир умр миннатдорман! Уларнинг шарофати билан мен бугун шундай машҳурликка эришдим. Бу мукофот уларнинг меҳнатлари учун берилган мукофотдир!”.





