1

Ҳисоб палатаси 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди

ЖАМИЯТ 22.02.2016, 06:33
Ҳисоб палатаси 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Тақдим этилган ахборотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқ, Давлат бюджетининг 2014 йилги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилган, 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети лойиҳасининг экспертизаси амалга оширилган. Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджетининг республика ва ҳудудлар даражасида шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан назорат ташкил этилган, шунингдек бюджет маблағларининг қонун доирасида мақсадли йўналтирилиши ва самарали сарфланиши устидан текширишлар олиб борилган.

Йиғилиш иштирокчилари Ҳисоб палатасининг ҳисоботини чуқур муҳокама қилган ҳолда бюджет маблағларини қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши устидан бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотларда ўтказилган назорат тадбирларига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, 30 та йўналишдаги 90 та ташкилотларда ўтказилган назорат-текшириш тадбирлари якунига кўра, берилган таклифлар асосида Ҳисоб палатаси томонидан 2015 йилда амалдаги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди ҳамда услубий қўлланмалар тайёрланди.

Ўтган йили Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқишда, Ҳисоб палатасининг ҳудудларда ўтказилган текширишлар натижаларини жойлардаги Халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиш юзасидан депутатларнинг таклифи самараси бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида Ҳисоб палатаси томонидан таъкидлаб ўтилди. Жойларда бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликлар, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари чуқур танқид остига олиниши билан бирга, ушбу камчиликларни келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилиниб, алоқадор вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан молиявий хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Йиғилишда сўзга чиққанлар келгусида жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш ҳамда назорат тадбирлари якуни юзасидан фикр ва таклифлар алмашинуви борасида Қонунчилик  палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ўзаро самарали ҳамкорлигини янада ошириш зарурлигини эътироф этдилар.

Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокамаларидан сўнг, Қўмита мазкур масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш юзасидан тегишли хулосасини қабул қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1