АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматлари агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова фуқаролардан келган долзарб саволларга жавоб қайтарди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” 244-сон қарорига асосан:
- кўп болали оилаларнинг болалари;
- ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
- талабалар ва педагогларнинг болалари;
- етим болалар ёки ота-она қаровисиз қолган болалар;
- бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;
- акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болаларга имтиёз белгиланган.
2 ой олдин олган ЭРИ калитини йўқотиб қўйдим. Марказ ходимлари калитни флешкага қайта ташлаб бера олишадими?
Бунинг имкони йўқ. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аввал тақдим этилган электрон рақамли имзо калитлари марказ ходимларида сақланмайди.
Хизмат сафари билан Тошкент шаҳридаман. Самарқанд шаҳрида доимий рўйхатда тураман. Никоҳдан ўтиш учун ариза берган эдим. Ҳозир Тошкентда тиббий кўрикдан ўтсам бўладими?
2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.
Асос - “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони
Мен Тошкент вилояти, Паркент туманида боғдорчилик-узумчилик ширкати ташкил қилимоқчиман. Рўйхатдан ўтказиш учун қайси органга мурожаат қилиш лозим?
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомга асосан боғдорчилик-узумчилик ширкатини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб эса, боғдорчилик-узумчилик ширкатларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.






