АсосийJamiyat

Фарғонада фуқаролар O’zLiDePга мажбуран аъзо қилиняптими? Партиянинг вилоят Кенгаши жавоб берди

'Фарғонада фуқаролар O’zLiDePга мажбуран аъзо қилиняптими? Партиянинг вилоят Кенгаши жавоб берди'ning rasmi

O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши фуқароларни партияга мажбуран аъзо қилдирилаётгани ҳақидаги асоссиз хабарларга муносабат билдирди:

"Ижтимоий тармоқларда O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши гўёки фуқароларни партияга мажбуран аъзо қилдириши билан боғлиқ асоссиз хабарлар тарқалишига нисбатан ҳақиқий ҳолат юзасидан ишончли маълумот беришдан олдин партиямиз фаолиятига қизиқиш билдирган кенг жамоатчиликка миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мамлакатимизда кейинги тўрт йилда амалга оширилган очиқлик, ошкоралик сиёсати туфайли фуқароларимизнинг дунёқараши, фикрлаши, ҳаётга қарашлари ўзгарди. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш шаклланди.

Маълумки, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида қайд этилганидек, “Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир”.

Ҳар бир инсон қайси партияга аъзо бўлишни, ёки партиясиз бўлишни ўзи танлайди. Бугунги кунда O’zLiDeP Фарғона вилояти ташкилотига қарийб етмиш мингга яқин фаоллар ихтиёрийлик асосида бирлашган. Партияга аъзоликка қабул қилиш бўйича шу вақтгача бирор ҳокимлик ёки бошқа идора томонидан кўрсатма ва топшириқ берилгани йўқ.

Кўнгилли бирлашмага мажбуран аъзоликка қабул қилиш амалиёти Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаолиятида кузатилмаган.  

O’zLiDeP ўз электорати вакиллари ва ушбу сиёсий  куч хайрихоҳларини ҳар доим қўллаб-қувватлайди. Уларни ўйлантираётган муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим излайди.

Партиянинг вилоят Кенгаши томонидан туман ва шаҳарларда тизимли бўш иш ўринлари ташкил этиш, ўтказилаётган тадбирларга кўмаклашиш мақсадида вилоят ташкилотининг ходимлари бириктирилган бўлиб, улар ҳудудларда партия фаолиятини янада ривожлантиришга кўмаклашади.  

Яна бир бор таъкидлаймиз, халқимиз кечагидан кўра бугун сиёсий ҳушёр, сергак ва уйғоқ. Бугунги кунда юртдошларимизни бундай асоссиз хабарлар билан чалғитиб бўлмайди",–дейилади расмий муносабатда.

Бошқа янгиликлар