Бунга ҳали кўп бўлгани йўқ. Шу йилнинг 25-март куни Ички ишлар Вазирлигининг Ахборот хизмати томонидан бемор учун ажратилган хайрия маблағини ўзлаштирган шахс қўлга олингани ҳақида хабар эълон қилинди. Унга кўра, Телеграм месежерида «Акмалжонга ёрдам»номли хайрия каналига кириб, бемор Х.А учун тўпланган банк пластиc картасидаги 2.000.000 сўм пулни талон-тарож қилингани аниқланган. Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 1999- йилда таваллуд топган фуқаро С.О содир этганлиги аниқланиб, ундан 2 млн. сўм пул ва пластиc картадан пулни талон-тарож қилишда фойдаланган «Самсунг А10» русумли телефон апарати ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинганлиги ёритилган.
Ҳа, бугун ёрдамга муҳтож бўлган биродарига мурувват қўлини чўзаётган саховат эгалари орамизда бисёр. Қийинчилик йилларида майизини ҳам қирқ бўлиб еган халқимиз эҳсонталаб ҳаммаслагини «ерда» қолдирмайди. Саҳоба Аммор уч хислатни ўзида мужассам қилган кишининг иймони мукаммал бўлиши ҳақидаги камбағаллигида ҳам садақа бериб турадиган саховатпеша халқимиз яхшилик қилмоқликни севади. Даволанишга моддий маблағи йўқ, ҳаёти қил устидаги беморнинг расмлари жойлаштирилиб, ёрдам сўраётган диндошларимизга қўлидан келгунча ёрдам бериш учун хайрия қилаётган ватандошларимиз ҳам (Яратганга ҳамду санолар бўлсинки) кўпчиликни ташкил қилади.
Юқоридаги хабарни ўқиганимдан сўнг табиийки иш юзасидан бир қанча савол туғилди. Ички ишлар вазирлигига қўнғироқ қилай десам, ишга умуман алоқаси бўлмаган журналистика талабасига бу ҳақида маълумот берилмайди. Шунинг учун бу қандай юз бериши ҳақида Ахборот техналогиялари фан ўқитувчимиз (Раҳимов Шоҳрух ака)дан сўрадим. Унинг айтишича, ижтимоий тармоққа жойланган расм остига ёзиб қўйилган карта рақамини тўлов тизимлари(cилиcк,Пайме, Пайнет)га киритганда пул ечиб олиш учун карта эгасининг телефонига тизим орқали смс тарзида юборилган махфий рақам борган пайтда,«саховатпеша» қўнғироқ қилиб, унга пул ўтгазиб бермоқчилигини айтиб кодни сўрайди, натижада хавфсизлик масъулиятини билмайдиган содда бемор чув тушади-қолади.
Пайғамбаримиз с.а.в айтдилар: "Бир киши алдов йўли билан бировнинг ҳақққини олса, Аллоҳ уни жаҳаннамга доҳил қилади ва жаннатдан йироқлаштиради” дедилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули агар у ҳақ қийматсиз, арзимас бир нарса бўлсачи?» деб сўради. Пайғамбар с.а.в : “Ҳатто мисков дарахтидан бир шох парчаси бўлса ҳам",- деб таъкидладилар.
Бировнинг ҳақига хиёнат энг оғир гуноҳлигини билиб, тушуниб турсакда, нафс йўлида, билиб туриб қинғир ишга қўл урамиз, гарчи, бу эҳтиёжманд беморнинг ҳаққи бўлса ҳам. Энг ачинарлиси, бугун орамизга қўшилиб ҳар жума масжидга чиқиб диндошига дин ҳақида ваъз ўқиётган катта-кичик «мўмин-мусулмон»ларнинг қилаётган «ишбилармонлиги» кишини оғринтиради.
Карами кенг оллоҳнинг қудрати ила замон ривожланиб, яшаш осонлашгани сайин бизнинг бу қилаётган ишимиз тўқликка шўхлик бўлмаяптими? Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон устидан қилаётган фосиқ ва фожирлиги эмасми бу?
Етмаганига ҳали танганинг иккинчи томони ҳам бор, ўз нафси йўлида чорасиз турган кишидан моддий манфаат эвазига реклама асосида ҳомий топиб бериш ваъдаси билан пул ишлаб қолиш илинжида фойдаланаётган айрим «блогерлар»нинг «безниси»га ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.Ваҳоланки, мана шундан бошланади, ҳаммаси!
Истаймизми йўқми ҳеч бўлмаганда телеграм орқали бир марта бўлса ҳам шу каби хабарнома гувоҳи бўлганмиз. Ундаги суратларни кўриб, гарчи бемор бизнинг ҳеч кимимиз бўлмасада, юрагимизнинг аллақаеридир ачишади. Қўлимиздан келгунча ёрдам қилгимиз келади. Бироқ аслида бундай одамлар ёнгинамизда яшайдию эътибор бермаймиз, бир ҳаводан нафас олиб туриб кўрмаймиз…
Болалигимда бахтсиз ҳодиса туфайли ўнг қўлим жароҳатланиб билак соҳамда чандиқли из қолган эди. Ўша пайтда барча эътибор тирик қолишимга қаратилгани учун пластиc операцияга унча аҳамият қаратишмаган. Ота-онамга соғ қолсам кифоя эди. Боз устига, ортиқча жарроҳлик амалиётига жисмонан кучим ҳам етмаган. Шу боис йиллар ўтиб, бироз ёшим улғайиб дугоналарим орасига қўшилар эканман, ўзимда бироз тортиниш, уялиш ҳиссини туйдим.
Балки бу мутлақо хатодир, аммо яқинларим ва атрофимдагиларнинг фикрлари мени Республика Космиталогия ва дерматология илмий-текшириш институтига олиб борди. У ерда шу йўналиш билан шуғулланадиган шифокор Бобур Акбаровичга учрашдим. Хуллас, давосини Таваккал қилиб муолажани бошладик.
Чиндан ҳам ниятим холис, мақсадим қатъий эди. Муолажани саккиз ой давомида вақти-вақти билан охиригача олмоқчи эдиму бироқ орадан икки ой ўтар-ўтмас дадамнинг кўзлари оғриб, улар ҳам лазерли операция қилиниши керак бўлиб қолди. Энди, кўрпани у ёғини тортса, бу ёғига; бу ёғини тортса у ёғига етмайди. Қийин аҳволда қолдик. Уйдагиларни ҳам қийнашни истамасдим. Шу боис навбатдаги муолажани рад қилиб онамга қўнғироқ қилган эдим, дадам гарчи ўзининг соғлиги бир аҳвол бўлса ҳам шунча қилинган меҳнатни ўйлаб, нима бўлса ҳам пул топиб беришини айтиб шифокорга боришимни тайинлади.
Амал-тақал билан пулнинг ярми топилгани учун муолажанинг ярмини олишни кўзлаб шифохонага бордим. Бобур акага вазиятимни тушунтирганимда, бироз ўйланиб қолдиларда:
-Шифохонада шу ой учун акция ўтказиляпти, пулингиз акция доирасида ҳаммасига етади, – дедиларда бутунлай муолажа ўтказдилар.
Кейинги ой ундан ҳам оғир «кризес»га тушиб қолдик. Қарз-қавола кўпайиб кетди. Бу сафар нима деб боришимни билмай, бормасликка қарор қилдим. Ўзи кечирсину, қишлоқдан келганию ўзим ишлаб йиғиб терганимни ҳам кейингиси учун олиб қўйган эдим, шифокорим аямга(Мени биринчи марта шифокорга ота-онам олиб келгани учун уйдагиларимни Бобур Акбарович таниб қолган эди.) қўнғироқ қилиб даволаш вақти келганини айтиб чақирибди. Сал дудмалроқ жавоб берган экан, келиб бир кўриниб кетсин дегану гўшакни қўйган. Юзим қизариб бир аҳволда яна кириб бордим. Хонасига киришим билан ҳамширага “беморни муолажага тайёрланг “ дедию чиқиб кетди. Нима бўлганига тушунмай ҳам қолдим. Муолажа сўнгида:
-Бу сафаргиси мендан ҳадя, бораверинг. Дадангизни сўраб қўйинг. Аллоҳ шифосини берсин! Кейинги гал ҳам вақтини кечиктирмай келишга ҳаракат қилинг ,– дея бир оғиз ҳам гапиртирмай, хонадан тағин чиқиб кетди.
Ҳақиқатан, бошида ўзимни жуда ғалати ҳис қилдим. Худди таҳқирлагандай! Бироқ кейин орамизда фақат ижтимоий тармоқларда ўзини реклама қилмасдан сахий унсиз қўлини узатишга тайёр ахийлар ҳам борлигига иймон келтирдим. Бу мақола учун атайин ўйлаб топилган сюжет хулосаси эмас. Бу шунчаки, бугунги куннинг «пеарлар»идан фарқли ўлароқ дунё яралгандан бери одамзотнинг бир-бирига меҳр-оқибатида яшаб келаётган муҳаббати, холос.
Умида Сатторова
ЎзЖОКУ 2- босқич талабаси






