АсосийDunyo

Британияда Шекспирнинг қабри устида радиолокация ишлари ўтказилди

Британиянинг Страфорд-Эйвон шаҳридаги Муқаддас Троица черковида жойлашган Уильям Шекспирнинг қабри вафотининг 400 йиллиги муносабати билан радиолокация ёрдамида съёмка қилинди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Бу тадбирни ўтказишдан мақсад Шекспирнинг ёнига бирор буюм ёки инсон кўмилганлигини аниқлаш эди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, буюк драматургнинг ёнига унинг оила аъзоларидан беш киши: рафиқаси Анна, қизи Сюзанна, куёви Жон Холл ва невара куёви Томас Нэшлар дафн этилган. Олимлар бир неча тахминларни илгари суришди, биринчи тахмин бўйича Шекспирнинг қабрида унинг уруғ-аймоқлари ҳам дафн этилган бўлиши лозим, иккинчи тахмин бўйича эса бу қабрда Шекспирнинг жасади йўқ, у бўм-бўш бўлиши керак эди. Тадқиқот иштирокчилари жамоатчиликни тадқиқот натижалари билан бир неча ҳафтадан кейин таништиришга ваъда беришди.

Шекспирнинг қабри имкон бўлса ҳам, ҳеч қачон қайта очиб кўрилмаган. Балки бунга драматургнинг қабр тошидаги “Дўстим, қабримни кавлаб, руҳимни безовта қилмагин, уни безовта қилган одам эса лаънатга учрайди” деган ёзув сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин. Драматургнинг ҳаёти афсона ва уйдирмаларга бойлиги сабабли олимлар Шекспирнинг уйида ҳам қазиш ишларини амалга оширишни режалаштирган. Унинг таржимаи ҳолида Страфорд-Эйвон шаҳрида туғилгани ва ҳаётининг сўнгги уч йилини шу шаҳарда ўтказгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

    Бошқа янгиликлар