1

Фарғоналик йигит алимент қарзидан қутулиш учун турмуш ўртоғи ва қайнонасини ўлдирди

ЖАМИЯТ 10.03.2016, 16:42
Фарғоналик йигит алимент қарзидан қутулиш учун турмуш ўртоғи ва қайнонасини ўлдирди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Анвар Райимов фарзандининг алиментини тўлашдан бош тортиб, жиноятга қўл урди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги раcмий сайтига асосланиб, “Uz24.uz” хабар бермоқда.

У 2012 йилда Шоҳиста Райимова билан турмуш қурганди. Аммо ўзаро келишмовчилик туфайли 2012 йил декабр ойида аёли ота уйига кетиб қолди. Кейинчалик А.Райимов хотинининг уйига ичкуёв бўлиб бориб яшади ва 2013 йил баҳор ойларида ишлаш учун Қозоғистон Республикасига чиқиб кетди. 2013 йил ёз ойида фарзандли бўлганлиги сабабли у ердан қайтиб келиб, яна аёлининг уйида яшаб юрди. Лекин орадан кўп ўтмай қайнонаси билан низолашиб, ота уйига қайтди.

2014 йил бошларида Ш.Райимова фарзандига алимент ундириш учун судга мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг буйруғига кўра, А.Райимовдан фарзанди вояга етгунга қадар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларидан алимент ундириш белгиланди. Кейинчалик унга фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда 80.000 минг сўмдан қатъий суммада алимент тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.

Бироқ А.Райимов 2015 йил 1 октябрга қадар моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини таъминлашдан бўйин товлаб, суд қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган жами 6.196.232 сўм маблағни тўламади.

А.Райимов суд ижрочилари томонидан алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида огоҳлантирилганидан сўнг, асоссиз равишда жаҳли чиқиб, турмуш ўртоғи ҳамда қайнонасини қасддан ўлдириш, шу орқали алимент қарзидан қутулишни ният қилди. Шу куни соат 22 ларда болта кўтариб, юзига ниқоб тақиб, Ш.Райимованинг яшаш ҳовлисига яширин равишда кирганида қайнонаси О.Бойқўзиева уни кўриб бақириб юборди. Шунда А.Райимов ўта шафқатсизларча болта билан қайнонасининг бош, елка, бўйин ва бошқа соҳаларига қасддан уриб, йиқитди.

Қўни-қўшни бақир-чақирни эшитиб, ёрдамга киришди. Қўшнилардан бири А.Райимовни тўхтатмоқчи бўлганида, ғазабдан кўзлари кўр бўлган йигит унинг ҳам бош қисмига болта билан уриб, енгил тан жароҳати этказди. Яхшиямки, қўшнилар муштумзўрнинг қўлидаги болтани олиб, қўл-оёғини боғлаб қўйишди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида А.Райимовнинг жиноий ҳаракати атрофлича кўриб чиқилиб, одилона ҳукм ўқилди. Алимент тўловидан бош тортиб, қалтис жиноятга қўл урган йигит энди бир неча йил ҳаётини панжара ортида ўтказади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1