АОКАда бўлиб ўтган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари юзасидан маълумот берди.
Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқарма ҳамда уларнинг қуйи тизимлари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида кадастр базасида 2021 йил 31 май ҳолатига 7 млн 830 мингта кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилди.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган хатловда кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш учун объектлар тажриба тариқасида қизил (ноқонуний қурилган), сариқ (ҳужжатлари тўлиқ эмас ёки ҳужжати бўлмаса-да қуриш мумкин бўлган ерга қурилган) ва яшилга (ҳужжатлари тўлиқ) ажратилди.
Ҳисоб-китобларга кўра қизил объектлар – 26,3 мингта (4%), сариқ объектлар – 509 мингта (65%) ва яшил объектлар – 228 мингтани (31%) ташкил этди.






