АсосийJamiyat

Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан берилган шикоятлар ким томонидан кўриб чиқилади?

'Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан берилган шикоятлар ким томонидан кўриб чиқилади?'ning rasmi

Сайлов бу давлатнинг энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири бўлиб, унда одамлар ўзининг хоҳиш-иродасига бўйсунган ҳолда ўз вакилини сайлайди. Ушбу вакиллар Президент ҳамда депутатлардир.

Жорий йил октябрда Президент сайлови бўлиб ўтади. Президентликка сайлов давлатимизда илк маротаба янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилади. 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда ўтказилиши зарур. Шу сабабли, 2021 йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Сайлов кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Илгари бу каби шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берилиши мумкин эди.

Амалдаги Сайлов кодексида округ сайлов комиссиясига бир қатор муҳим вазифалар юклатилганлиги, шунингдек, унинг аъзолари 6-8 аъзодан иборат таркибда тузилиши белгиланган эди. Аъзолар сонининг камлиги мазкур кўлами кенг вазифаларнинг ижросини самарали тарзда таъминлашга ғов бўлиши мумкин эди. Шунинг учун Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 8–18 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши белгиланди. 

Шу билан бирга, сайловга номзоди қўйилган ҳар бир шахс сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда, сайловолди тарғибот тадбирларини ташкил этишда бюрократик тўсиқларга учраши ортидан сайловчиларнинг номзодлар фаолиятидан бехабар бўлишига олиб келади. Бу каби тўсиқларни бартараф этиш мақсадида, Қонун билан Сайлов кодексига қўшимча киритилди. Унга мувофиқ, сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.

Бундан ташқари, эндиликда сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи киритилмайди, шунингдек, сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорти ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини  кўрсатиши мумкинлиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилишига, сайлов жараёнларининг шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишига замин яратади.

 

Лобар РОЗИМОВА,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот 

маркази масъул ходими

    Бошқа янгиликлар