my5
all

Сирдарёда ижарачи уй эгасини чув туширди

ЖИНОЯТ 12.03.2016, 14:15
4598
Сирдарёда ижарачи уй эгасини чув туширди

У уйсиз-жойсиз кўчада қолганида раҳм-шафқат қилиб, уйининг тўридан жой берган аёлнинг тилла буюмларини ўғирлаб, шу билан бойиб кетаман деб ўйлаганди.
 

Зилола (исм-шарифлар ўзгартирилган) асли зоминлик эди. Ота-онаси тенги чиқса текин бер мақолига амал қилиб, қизларини тезда турмушга бериб юборишди. Аммо Зилоланинг бахти кулмади. 

Турмуш ўртоғи билан келишолмай, ажрашиб, ота уйига қайтиб келди. Бир пайтлар ўзи яйраб-яшнаб ўсган уйда уни худди бегоналар каби қабул қилишди. У яқинларидан сира ҳам бундай муносабатни кутмаганди. Айниқса, акасининг хотини олақараш қилганда дунёларга сиғмай кетарди. Отаси ногирон, онаси уй бекаси, улар ҳеч қаерда ишламас эдилар. Ҳар замонда акаси бировларнинг юмушини қилиб, топган пули катта рўзғорга урвоқ ҳам бўлмасди. Ўзи ишлай деса, қўлида бирор ҳунари йўқ.

Зилола ўйлаб-ўйлаб, пул топиш мақсадида Гулистон шаҳрига йўл олди. Бир нечта тамаддихона, ошхоналарга бош суқиб, иш излади. Шундай ошхоналардан бири уларга идиш ювувчи кераклигини, аммо иш кеч тугашини айтишди. Зилола пулга муҳтож бўлганидан уларнинг барча шартларига рози бўлди. “Энди уй-жой масаласини ҳал қилсам бўлди”, деб ўйлади Зилола. Унинг Гулистон шаҳрида ҳеч кими йўқ эди. У ошхона ёнида жойлашган кўчалардан бирига йўл олди. Таваккал қилиб, дарвозалардан бирини тақиллатди. Дарвоза очилиб, остонада хушрўйгина, кексароқ аёл пайдо бўлди.

– Холажон, менга ижарага арзонроқ  уй керак, эди. Деҳқон бозорнинг олдидаги ошхонада идиш юваман, – Зилола аёл билан саломлашиб олгач, бошидан кечирганларни оқизмай-томизмай гапириб берди.

Аёл табиатан юмшоқкўнгил бўлгани боис, қизга жудаям ачинди.

– Қизим, мени Муқаддас, хола деб чақирсанг ҳам бўлаверади. Уйда мендан ташқари қизим Санобар ва жияним Дилфузалар ҳам яшашади. Майли, биз билан яшай қол, шароитинг оғир экан. Ойига эллик  минг сўм берсанг бўлди , – деб Зилолага тасалли берди Муқаддас хола.

Аёлнинг гапларидан Зилоланинг боши кўкка етди. У зудлик билан кўч-кўронини ортиб, холанинг уйига кўчиб келди. У бир ҳафтада уй эгалари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Хонадон соҳибалари ҳам уни ўзларининг яқинларидай қабул қилишди. Аммо...

“СИНАЛМАГАН ОТНИНГ СИРТИ”ДАН ЎТГАНЛАР

Шу бир ҳафта мобайнида Зилола уй эгалари пулларини, қимматбаҳо буюмларини қаерда сақлашларини билиб олди. Муқаддас хола ҳам, қизи ҳам ҳалол, пок одам бўлишганидан Зилоланинг қўлидан бирор ёмон иш келишига ишонишмаганди. Улар тилла буюмларини меҳмонхонада турган сервант ичидаги чойнакда сақлашарди.  

Кун ўтган сайин Зилоланинг юрагига шайтон ғулғула солаверди: “Сен эртадан кечгача тик оёқда, қўлинг сувдан чиқмай, идиш ювиб, арзимаган пул топасан. Чойнак ичидаги тилла буюмларни ўғирласанг, оғир меҳнат азобидан қутуласан”. Зилола пайт пойлади ва уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, чойнак ичидаги Муқаддас хола ва қизи Санобарга тегишли бўлган 1 жуфт 1.500.000 сўмлик тилла сирғани, 1 жуфт 500.000 сўмлик кумуш сирғани, 1 дона 500.000 сўмлик тилла узугини, 1 дона 350.000 сўмлик ва 1 жуфт 350.000 сўмлик тилла сирғаларини яширин равишда ўғирлади. 

Зилола ўғирлаган тилла тақинчоқларини Гулистон шаҳар деҳкон бозорида тилла олди-сотдиси билан шуғулланувчи нотаниш аёлга 1 жуфт 1.500.000 сўмлик тилла сирғани, 1 дона 350.000 сўмлик тилла сирғани, жами 670.000 сўмга сотиб юборди. Қолган 1 жуфт 500.000 сўмлик кумуш сирғани, 1 дона 500.000 сўмлик тилла узукни ва 1 жуфт 350.000 сўмлик тилла сирғаларни  ижарада яшаётган уйнинг кўчаси бошидаги қудуқ ичига “Қолган тақинчоқлар тилла бўлмаса керак”, деган ўйда ташлаб юборди. 

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ

Зилола Муқаддас хола билан қизи Санобар тилла буюмлар йўқолганини билиб қолишса, қай ҳолатга тушишларини тасаввур қилди. “Эҳ, қолган тақинчоқларни бекор қудуққа ташладим, уларни жойига қайтариб солиб қўйганимда, балки ўғирлик қилганим билинмасмиди?” деб ўйлади. Сўнг ортига қайтиб, қудуқ ичидан тақинчоқларни олишга ҳаракат қилди. У ердан бир дона 500.000 сўмлик тилла узукни ва бир жуфт 350.000 сўмлик тилла сирғани топди, лекин 500.000 сўмлик кумуш сирға топилмади. Кейинчалик унинг ўғирлик қилгани маълум бўлгач, у Муққаддас холага қудуқ ичидан олган тилла тақинчоқларни қайтариб берди. Муқаддас холанинг ўзи қудуқ ичидан сирғани излаётган пайтда уни топди, аммо қўлини ток ургани сабабли сирға яна қудуқ ичига тушиб кетди. Шундан кейин у ариза билан Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Зилолага ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, содир этган жиноий ҳаракатлари учун ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги юзасидан ҳукм ўқилди...

Халқимизда бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер, деган нақл бор. Муқаддас хола Зилолага раҳм қилиб, уйидан жой, ош-овқат берди, лекин бу яхшиликка Зилола ўғирлик билан жавоб берди. Баъзида ортиқ даражада ишонувчанлик, соддалик инсоннинг ўз бошига муаммо орттириб олишига сабаб бўлади. 

Лола Шоимова

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+24° пасмурно
Валюта курси
10184.73
USD 11.35
11455.78
EUR 44.3
142.48
RUB -3.49