ЙҲХББнинг хабар қилишича, сўнгги тўрт ойда мамлакатимиздаги йўл транспорт ҳодисалари (ЙТҲлар) сони 2 242 та бўлса, шундан 557 та ўлим ҳолатлари кузатилган. Жароҳатланганлар эса 1 684 киши. Тасаввур қилинг, бу инсонлар кимнингдир ака-укаси, опа-синглиси, боқувчиси, суянган тоғи ёки келажак умиди. Биз бу каби ЙТҲлар сонининг ошишида йўл инфратузилмасининг йўқлиги, шароитсизлик ёки бошқа сабабларни келтириб “бонг урамиз”. Ёки бу ўлимлар, майиб-мажруҳликлар сабабини “тақдири азал, пешана, фалокат”га йўядиганлар ҳам бор. Аслида-чи? Реал инсон сифатида, виждонан баҳолайдиган бўлсак, ҳолат бошқачароқ ифодаланмайдими?
АВВАЛО, ЎЗИМИЗ АЙБДОРМИЗ
Статистикага қарайдиган бўлсак, ЙТҲлардаги энг кўп ҳолатлар белгиланган тезликка риоя қилмаслик (32,4 фоиз), пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш (16,2 фоиз), устунликка эга транспортга йўл бермаслик (11,2 фоиз) билан содир этилган экан. Биз жар соладиган йўллар носозлиги натижасида эса 4 фоиз ЙТҲлар содир этилибди.
Бош учта сабабга эътибор қилинг:
1. Нега тезликни оширамиз? Зарурат юзасиданми? Аксарият ҳолларда ундай эмас. Биздан ҳеч ким ўзмаслиги керак, деган кибримиз бор. Мен жуда тез ҳайдай оламан, деган манманлигимиз бор. Лекин тезлик меъёри фақат бизда эмас, бутун дунёда белгилаб қўйилганки, бу бежизга эмас. Унинг негизида инсоният хавфсизлиги ётибди, кошки буни тушунсак...
2. Ҳайдовчиларни кибрда, манманликда “айбладик”. 100 метр масофага ҳам боришга эриниб, йўлни шартта кўндаланг кесиб ўтадиганлар, ҳаракат йўлининг ўртасига чиқволиб такси тўхтатадиган пиёдаларни ким, деб аташ мумкин? Уларнинг лоқайдлиги ва ўзбилармонлиги бу статистиканинг юқорилашига ҳисса қўшяпти.
3. Юқорида айтганимиздек, биздан ҳеч ким ўзмаслиги керак, ҳаттоки ҳаракатда устунликка эга бўлса-да. Йўл бермаймиз. Ҳаракатда фақат мен борман, мен устунман, мен ҳаммадан ақллиман, деган принцип билан ҳаракатланиб, худди ўзимиздек фикрлайдиганлар билан ЙТҲ содир қилиб қўйгач, бошимиз “деворга урилади”. Йўқ, шунда ҳам жарима юқорилигидан нолиймиз, қилиб қўйган қоидабузарлигимизни суратга олиб, тегишли жойга юборганларни тўпланиб сазойи қиламиз, “казёл”га чиқарамиз. Қилмишимиз туфайли инсон ҳаёти хавф остида қолаётганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
ҲАШАМАТ ЭМАС, ЭҲТИЁЖ ВОСИТАСИ
Ўзбекнинг орзусидаги дабдабали тўй ва уй қаторида машина ҳам олий ўринда туради. Машинанг бор – сен тўкиссан гўё. Орамизда унга оддий бир маиший буюм, эҳтиёж воситаси сифатида эмас, ҳашамат дея қаровчилар минг афсуски, ҳали-ҳамон талайгина. Чойхонага борамиз – ҳаммамиз машинада борамиз. Кўз-кўз қиламиз ва суҳбатимизнинг асоси ҳам кимда қандай машина, кеча радарни қандай алдаб кетганимизу, энг юқори тезликда неччига чиққанимизни айтиб, ўзимиздан ғурурланамиз. Мактаб, олий таълим муассасаси, қўшни маҳалла – хуллас, нонга чиқсак ҳам шу аҳвол. Натижада, тирбандликлар, асабийлашишлар, ким ўзарлар, пойгалар бошланади. Чунки “биз ҳаммадан боймиз”!
“ВАЗИЯТ ЎЗГАРИШИ КЕРАК, ОДАМЛАР! ГАЗНИ БОСИШ ҚУРОЛ ТЕПКИСИНИ БОСИШДЕК БЎЛИБ ҚОЛЯПТИ-КУ!!!”
“Ҳайдовчи, сенинг мансабинг – шунчаки машина эмас, сен ҳам шунчаки ҳайдовчи эмассан. Тезликни меъёрдан оширганда, рулни мумкин бўлмаган томонга бурганда, керак вақтда тормозни босмаганда ва яна кўплаб ҳолатларда сен потенциал қотилга айланишинг мумкинлигини тушун. Сени шу чегараларга яқинлаштирмай турган ўша камералар ва уларнинг эгаларини ҳам тўғри қабул қил. Қоида бузма! Нима қиласан, бошқа бировларга баҳо бериб, ўзингга тўғри бўл! Шунда қоидабузарликни суратга олганларга мукофот учун олтин берса ҳам, бу сенинг муаммоинг бўлмайди!” – дейди ўз саҳифасида блогер Шаҳноза Соатова бу каби ҳолатларга муносабат билдираркан.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Кўзларимизни очайлик. Аслида қонун-қоидаларга итоаткорлик қилсак, жарималар миқдори ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолади. Ўзимизни оқловчи - хоҳлаб-хоҳламай қоида бузиб қўйишга эса мутлақо ҳаққимиз йўқ. Чунки барчамиз ҳаракат иштирокчисимиз. Ҳаммамиз ҳайдовчилик маданиятини ўзимиздан бошлайлик. Яқинларимизни керак бўлса койийлик. Фарзандларимиз, ука-сингиллармизга ўргатайлик. Бўлмаса, бу мудҳиш рақамлар сони ошаверади ва бизнинг фожиамизга айланиб бораверади...
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






