Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилояти туманларида бўлиб, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фермерлар, мутахассислар, аҳоли билан учрашди. Бу ҳақда вазирликнинг Ахборот хизмати маълум қилди.
- Жорий йилда 811 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ҳисобидан 2,8 млн иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, Президентимиз ташаббуси билан йил бошида 233,3 минг нафар ёшларни қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун 65,1 минг гектар майдонлар ажратиб берилган эди. Бугунги кунга келиб ушбу ёшлар ўртача 15-20 млн сўмдан даромад олишга эришди, ўз тенгдошлари ва оила аъзоларини иш билан таъминлади, дея таъкидлади вазир Ж.Ходжаев.
Ер майдонларини ажратиш жараёнини адолат мезонлари асосида тўғри ва шаффоф ташкил этиш мақсадида республика, вилоят ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, маҳаллабай асосида ер ажратиладиган 2,8 млн нафар фуқароларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, туманларда экинларни экиш учун ер тайёрлаш, экиш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ер ажратилган фуқароларга кўмаклашиб келмоқда.






