АсосийJamiyat

Бугуннинг ўзгача ёндашувдаги «қичқириқлари» — Ташқи реклама бозори талабга жавоб берадими?

'Бугуннинг ўзгача ёндашувдаги «қичқириқлари» — Ташқи реклама бозори талабга жавоб берадими?'ning rasmi

Бугун кўчада нима кўп, реклама кўп. Баланд бинода ҳам, серқатнов кўча ёқаларида ҳам, жамоат транспортида ҳам реклама. У маркетингнинг таркибий қисми. Асосий вазифаси эса харидорни қизиқтириш. Очиғини айтиш керак, ишлаб чиқарувчилар реклама борасида ҳам самарали рақобат олиб боришмоқда. Бир-биридан ўзгача ёндашувдаги «қичқириқлар» (лот. reklamo — қичқирмоқ) истеъмолчиларни бефарқ қолдирмаяпти.

Мисол учун, мебель ишлаб чиқарувчилар томонидан шаҳар кўчаларига ўрнатилган рекламаларга эътибор қаратинг: «Қиз томонга мебель йўқ», «Куёв томонга 1000000 сўм тўёна», «Тўйга тайёрмисиз?» ва ҳоказо. Аммо баъзи рекламаларда маънавиятимизга мос келмайдиган элементлардан фойдаланилаётгани, имловий саводхонликка эътибор қаратилмаётгани, аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган жойларга ўрнатилаётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Гоҳида тилларнинг «аралашмасию» қўпол хатоларни кўриб, «Буларни ўзи кимдир назорат қиладими?» деган ҳақли савол туғилади. Ахир, шаҳар ҳам бедарвоза эмасдир?!

Ваҳоланки, «Реклама тўғрисида»ги қонунда нималарга эътиборли бўлиш кераклиги, реклама маҳсулотларига қандай талаблар қўйилиши белгилаб берилган. Аммо, лекин, бироқ деганларидек, нима учундир баъзан бу нормалар эсланмайди. Хўш, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори юзага келган камчиликларни бартараф эта оладими? Хатти-ҳаракатлар назоратини таъминлайдими?

Қарор аввалгиларини такрорламайдими?

Дилшод АЗИМОВ,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи:

— Ташқи реклама бозори Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан назорат қилинади. Рекламалар жойлаштирилишига эса Қурилиш вазирлиги ва туман ҳокимликлари масъул ҳисобланади. Боиси улар шаҳарсозлик ва хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда ўрнатилиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори 2018 йил 30 августдаги тегишли қарор ижросини таъминлашга қаратилган. Хусусан, энди ташқи реклама воситаларини жойлаштириш учун бериладиган рухсат олиш амалиёти аукцион тарзда амалга ошириладиган бўлди. Авваллари реклама берувчи бевосита ҳокимиятга борар ёки ҳокимлик қошидаги комиссиянинг ишчи органига мурожаат қиларди. Тошкент шаҳрида эса рекламани қайси кўчага ўрнатиш, қайси бурчакка жойлаштириш бўйича «Тошкент реклама сервис» унитар корхонаси шуғулланарди. Бу тизим ўзини оқламади, рухсатнома пора эвазига ёки таниш-билишларга берила бошлади.

Бундан ташқари, тушумни тақсимлашда кўплаб чалкашликлар кузатилди. Хусусан, кўпгина вилоятларда ташқи реклама учун йиғиладиган ойлик тушумлар «Тасвирий ойина» ижодий уюшмасининг ҳисоб рақамига тушириларди. 2018 йилги қарорда маблағни ўтказиш жойлари ва ягона тизим яратилди. Жорий йил қабул қилинган янги қарор эса соҳадаги мавжуд камчиликларни бартариф этиш учун янада мукаммал тарзда ишлаб чиқилди. Номаъқбул хатти-ҳаракатларни тартибга солиш учун ташқи реклама объектларини қуриш тартиби, қуриш учун бериладиган ер, бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги Низомлар тасдиқланди.

Жорий йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятнинг алоҳида тартиби жорий қилинди. Пойтахтимизда ташқи реклама мониторингини амалга оширувчи, ноқонуний ўрнатилган рекламани аниқлаш ва чора кўриш учун тегишли органларга мурожаат қилиш билан шуғулланадиган «Архитектура режалаштириш бюроси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Таъкидлаб ўтиш жоиз, Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир ой муддат ичида биринчи ва иккинчи даражали кўчаларни белгилаб бериш юклатилган. Жорий йил якунига қадар биринчи даражали кўчаларда видео экранли мосламалар, иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида эса юқори технологияли воситаларни ўрнатиш белгиланган.

Тўловлар миқдори қандай белгиланади?

Аделя КАШФИТДИНОВА,Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими:

— Ҳар бир туманда ишчи органлари ташкил этилди. Улар вилоятларда ўрнатиладиган рекламаларнинг янги тартибга мос ёки мос эмаслигини аниқлайди. Ишчи гуруҳи хулосалари эса Давлат хизматлари марказларидан реклама жойлаштириш учун паспорт олишга асос бўлади. Ташқи реклама объектлари учун тўлов миқдори реклама ўрнатиладиган объектнинг ҳажми ва жойлашган ҳудудига қараб белгиланади.  

Қарорга мувофиқ, ер участкаларидаги ташқи реклама объектлари учун 10, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардаги ташқи реклама объектлари учун 5 йил муддатга ДХМлар орқали реклама жойлари паспортларини бериш бир марталик йиғим суммасини тўлаш орқали амалга оширилади. Ер участкасига ўрнатилган видео экранли ташқи реклама объектлари учун кўрсатилган муддат қўшимча 10 йил муддатга узайтирилади.

Ҳозирга қадар қонуний ўрнатилган ташқи реклама объектларини мазкур қарор талабларига мослаштириш учун 6 ой муддат берилди. Белгиланган муддатда мослаштирилмаган реклама объектлари эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади. Акс ҳолда бу иш суд тартибида амалга оширилади.

Қандай ҳудудларга реклама ўрнатиш тақиқланди?

Жаҳонгир АНВАРОВ,

Қурилиш вазирлиги бош мутахассиси:

— Ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни қуриш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатишга рухсат берилади. Бунда ажратувчи йўлаклар, йўл четидан 1 метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги лозим. Йўл четида алоҳида турувчи ташқи рекламани ўрнатишда, конструкция четлари йўлнинг қатнов қисмидан ортиқ чиқмаслиги керак.

Автомобиль йўллари оралиғида жойлашган ташқи реклама объектларининг горизонтал узунлиги йўллар оралиғидаги масофа узунлигидан ошмаслиги шарт. Реклама майдонининг пастки четидан йўл қопламаси юзасигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаслиги ва техник восита конструкцияси транспорт воситалари хайдовчилари учун ноқулайлик туғдирмаслиги лозим. Шунингдек, Низом билан қатнов қисмида ва пиёдалар йўлакчаси, жамоат транспорти бекатлари, йўл ва кўча четларида 5 метрдан паст баландликда, бевосита туннелга кириш ва чиқиш жойлари ёнида, улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада ташқи рекламани ўрнатиш тақиқланди.

Сирасини айтганда, ўтган йили қабул қилинган қарор ташқи реклама бозоридаги хатти-ҳаракатларни нафақат тартибга солади, балки юртимиз қиёфасини гўзаллаштиришга хизмат қилади. 

 

    Бошқа янгиликлар