АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш учун “Ҳоким стипендияси” жорий этилди

'Тошкент вилоятида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш учун “Ҳоким стипендияси” жорий этилди'ning rasmi

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида "Ҳоким стипендияси" учун бир йил давомида сарфланадиган 63 млн. 950 минг сўм маблағини ажратиш масаласи кун тартибига қўйилиб, депутатлар томонидан тасдиқланган.

Унга кўра, вилоятдаги умумтаълим мактаблари профессионал ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ҳамда ижодкор ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, муносиб тақдирлаш мақсадида "Ҳоким стипендияси"нинг Низоми ишлаб чиқилган.

Танлов бир йилда бир маротаба ўтказилиб, ғолиблар 3 тоифада (умумтаълим мактаблари, профессионал ва олий таълим муассасалари) ёшлари орасидан 3 та ўринда аниқланади. Хусусан, 1-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари, 2-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари, 3-ўрин учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробари миқдоридаги стипендия 1 йил давомида тўлаб берилади.

Бундан ташқари, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси, вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманларида коммунал соҳани яхшилаш, ободонлаштириш, кўп қаватли уйларнинг томларини таъмирлаш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари каби кўплаб масалалар ҳам кўриб чиқилган.

    Бошқа янгиликлар