1

ФВВ академияси битирувчиларига «Диплом» ва «Лейтенант» ҳарбий унвони тантанали топширилди

ЖАМИЯТ 24.06.2021, 22:23
ФВВ академияси битирувчиларига «Диплом» ва «Лейтенант» ҳарбий унвони тантанали топширилди

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшларимиз ҳақли равишда ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди»,- деган сўзлари юртимиз ёшларига нисбатан билдирилган юксак ишонч ва эътиборнинг намунасидир.

Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида битирувчи курсантларга диплом ва «лейтенант» махсус унвонини тантанали топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчиси. генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда генерал-лейтенант Турсинхан Худайбергенов ҳамда Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, ўз нутқларида Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ва «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунлари юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни ҳар томонлама етук, масъулият ва бурчини чуқур ҳис қиладиган ҳамда ўз касбини севиб ардоқлайдиган, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш учун барча имкониятларни яратиб бераётганини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳар томонлама барқарор ривожланиб бормоқда, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, қабул қилинаётган кенг кўламли дастурлар ягона ва улуғ бир мақсадларга қаратилаётганини эътироф этдилар.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар жараёнида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътиборни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони алоҳида аҳамият касб этиб, бугунги кунда мустақил ватанимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, дунё мамлакатлари орасида юртимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бориши, фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳият эгаси, ўз касбининг моҳир устаси, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод бўлиб етишишлари учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Битирувчиларга диплом ва ҳарбий «лейтенат» унвони генераллар томонидан тантанали равишда топширилди. Ҳа, ёш офицер учун генерал қўлидан диплом ва ҳарбийунвон олиш катта ишонч ва фахр-ифтихор десак, хато бўлмайди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида бир умрлик олтин саҳифалар бўлиб қолади.

Тантана давомида сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг ҳис-ҳаяжонга тўла тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этишди:

Ҳарбий кийим-боши ўзларига ярашиб турган навқирон ёш фарзандларимизнинг муқаддас ва шарафли бурчларини сидқидилдан бажариб, жонажон Ватанимиз, юртбошимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишларида билдирилган юксак ишончни оқлайдиган офицерлар бўлишларига ишонамиз,дейди — Академия бошлиғининг ўринбосари полковник Чориёр Хўжанов.

Тадбир шодиёнаси Академия «Маънавият ва маърифат» маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларга уланиб кетди. Ўз ўрнида, ёш офицерларимизни битирув айёми билан қизғин қутлаб, офицерлик дипломи ва ҳарбий «лейтенант» унвони муборак бўлсин, деб қоламиз. 

— Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, — Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз — дейди битирувчи лейтенант Ислом Мирзаахмедов. – Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлигини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак, биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва Она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилаётган кенг имконият ва қулай шарт-шароитларга жавобан, хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, деб ваъда берамиз.

— Бугун фарзандим Исломжон офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, — дейди Мирзоҳид Мирзаахмедов. Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилаётганлигим учун бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган ва шу руҳда вояга етган.

Ишонаманки, фарзандларим жонажон Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга бор куч ва шижоатларини сафарбар этадилар.

Фарҳоджон Хожаев,

Академия катта ўқитувчиси, капитан.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1