Хонанда ва актёр Шароф Муқимов ўзининг «Кел-кел» деб номланган қўшиғи клипини ўзбекистонликларга Ҳиндистоннинг «Сенга ошиқман» номли сериалидаги Ишани образ орқали таниш актриса — Радҳика Мадан иштирокида ишламоқчи. Бу ҳақда хонанда Facebook’даги саҳифасида хабар қолдирган. “Дарё” нашри клип ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида Шароф Муқимов билан боғланди.
— Янги клипингизда ростдан ҳам «Сенга ошиқман» сериалида Ишани ролини ижро этган Радҳика Маданни ўйнатмоқчимисиз?
— Ҳа, шуни ният қилганмиз. Клип «Кел-кел» деб номланган қўшиғимизга ишланади. Клип воқеаларининг 50 фоизи Ўзбекистонда, қолган қисми эса Ҳиндистонда суратга олиниши режалаштирилган. Ғоя муаллифи — режиссёр Музаффар Шамс.
— Ҳиндистонлик актриса клипингизда суратга тушишга рози бўлармикин?
— Ҳиндистонга беш марта бориб, у ердаги ҳамкорларимиз билан яхши алоқа ўрнатганмиз. Бундан ташқари, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳам 100 фоизлик ваъда берган. Ҳозирда шу масалани ижобий ҳал қилиш устида ишлаяпмиз.





