17 март, пайшанба куни режиссёр Зулфиқор Мусоқов ўзининг 26-фильми “Хазонрезги”ни томошабинлар эътиборига ҳавола этди.
“Uzbekistan Today” нашри премьерадан репортаж тайёрлади.
Мазкур фильмнинг пресонажалари ҳаётдан олинган. Уларнинг барчасининг ҳаётда ўз прототиплари бор. Фильм сценарийси шу қадар ҳаётийки, худди бизнинг ҳаётимиздан олинганга ўхшайди.
Зулфиқор Мусоқов ўзининг янги фильми ҳақида шундай дейди:
“Менда ҳаммаси оддий. Фильмни қандай ҳис этсам, шундай суратга оламан. Бундай фильмларни суратга олишни қалбим менга буюради. Мен ҳам шу миллионлаб оддий одамлардан бириман. Шунинг учун ҳам уларнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари ва режалари менга қизиқ. ‘Хазонрезги’ инсонлар ҳақида, инсонлар учун. Картина барча учун тушунарли. У мухаббат ҳақида, ҳаёт ва уруш ҳақида.
Шуниси эътиборлики, янги картинада ҳамма фильмларда чиқадиган ўша таниш чеҳралар яъни ўзбек кинематографиясининг таниқли актёр ва актрисалари деярли иштирок этмаган. Асосий ролларни дебютант актёрлар ижро этган. Шунингдек, фильмда Бобур Йўлдошев ва Шаҳзода Матчоновалар ҳам иштирок этган.
Фильмдаги бош қаҳрамон Қурбон образини тадбиркор ва ҳуқуқшунос Бахритдин Абдуллаев ижро этган. У фильмда ўзининг илк ролини ижро этди. Яна бир асосий образ Лолани эса бошқа фильмларда иккинчи даражали ролларни ижро этган актриса Хуснора Ҳожимуротова гавдалантирган.
“Зулфиқор Мусоқов билан тасодифан кўчада учрашиб қолдик. У мендан кинода суратга тушишни исташ ёки истамаслигимни сўради. Мен эса бу ҳаётимдаги энг катта орзуим эканлигини айтдим. Зулфиқор ака мени киносиновга таклиф қилди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, Қурбон ролига тасдиқландим”,—дейди Бахриддин Абдуллаев.
Қурбон оддий автобус ҳайдовчиси. У урушда иштирок этган. Бошидан кўп қийинчиликларни ўтказган. Урушда энг яқин дўстидан айрилган... Лола ҳам оддийгина қиз. Оилавий келишмовчиликлардан безиб, ота уйини тарк этишга мажбур бўлади. Кунлардан бир кун улар учрашиб қолади. Бир-бирига кўнгил қўяди ва келажакда бахтли оилани бунёд этади.
Бир сўз билан айтганда, картина 80-йиллар воқеаларини, ўша йиллардаги қийинчиликлар, ғам-ташвишлар, ота-боболаримиз бошидан ўтказган машаққатлар, афғон уруши воқеалари ҳақида ҳикоя қилади.