Психологларнинг таъкидлашича, фойдаланувчилар ижтимоий тармоқлар, жумладан Facebook ва Twitter`да қанча кўп вақт ўтказишса, уларда тушкун кайфиятга мойиллик хавфи шунча ошади. Бу ҳақда “Вести” хабар бермоқда.
АҚШнинг Питтсбург университети психологлари шундай хулосага келиш учун 19 дан 32 ёшгача бўлган 1,8 минг нафар америкаликлар ўртасида сўровнома ўтказишди.
Асосий вақтини Facebook ва Twitter`да ўтказадиган ёшлар жиззакилик, тушкунликка ушбу ижтимоий тармоқлардан нисбатан камроқ фойдаланадиган ёшларга қараганда 2,7 марта кўпроқ мойил бўлади.
Олимларнинг аниқлашича, фойдаланувчилар YouTube, Instagram, Snapchat, Reddit ва Tumblr каби сайтларга бир кунда 61 дақиқа вақтини сарфлайди. Бу эса ҳафтасига шу сайтлардан 30 марта фойдаланади дегани. Сўровномада қатнашганларнинг 25 фоизида депрессия аломатлари кузатилган.
Тадқиқотчилар айрим фойдаланувчилар депрессияни енгиш учун ҳам ижтимоий тармоқларга мурожаат қилишини таъкидлашмоқда. Улар ижтимоий тармоқлардан ўзига керакли руҳий кўмакни ололмаса, тушкун кайфият янада кучайиши мумкин.





