АсосийDunyo

Покистонда юз берган теракт оқибатида 69 киши ҳалок бўлди

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида юз берган теракт оқибатида 69 киши ҳалок бўлди, улардан 23 нафари болалар. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.

Шунингдек, теракт оқибатида 300 киши, хусусан 56 нафар бола турли даражадаги тан жароҳати олган. Шаҳар тиббиёт муассасаларида касаллар кўплигидан жой етмай қолмоқда. Яраланганларнинг аксарияти ерда, полда ётибди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳудкуш-террорчи маданият ва истироҳат боғига киришда, болалар ўйнайдиган ҳудуд яқинида ўзини портлатиб юборган. Террорчи қурбонлар сони кўпроқ бўлишига эришиш мақсадида айнан мазкур ҳудудни танлагани айтилмоқда. Полициячиларнинг маълум қилишича, террорчида саккиз килограмдан 10 килограмгача оғирликда портловчи мосламалар бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳалок бўлган ҳудкушнинг ёнидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни топган. Ҳужжатга кўра, у 1988 йилнинг 1 январида Панжоб провинциясининг Музаффаргарх шаҳрида туғилган.  

Ҳозирда полициячилар у яшаган манзилдан 15 кишини, хусусан икки ака-укаларни қўлга олган.

Теракт жавобгарлигини “Толибон” террорчилик гуруҳига алоқадор “Жамаат-ул Аҳрор” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Бошқа янгиликлар