Мураккаб пандемия шароитида Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатининг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада миллий ҳуқуқ нормаларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан унификация қилиш ва Ўзбекистонда хорижий фуқароларнинг ҳаракатларини тартибга солинишига эҳтиёж сезилмоқда.
Шу боис, жорий йил 4 июнда «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Қонунга кўра, чет эл фуқароси — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс ҳисобланса, фуқаролиги бўлмаган шахс бу — Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахслар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканликлари назарда тутилган. Бироқ, хорижий фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқий ҳолати қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган эди.
Эндиликда, ушбу қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг қонуни олдида тенг эканлиги белгилаб қўйилди ва бу орқали қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари деярли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқли этиб белгиланди.