АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков COVID-10га қарши вакциналар ва эмлаш жараёнлари тўғрисидаги саволларга жавоб берди.
“Модерна”ни вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилмаганми?
“Moderna” вакцинаси (м-РНК-1273) COVAX жамғармаси доирасида республикамизга олиб келингани, АҚШнинг биотехнология компанияси томонидан ишлаб чиқилгани ва 2021 йилда энг яхши вакцина деб баҳолангани ҳамда “Вакцина платформасида/энг яхши янги технология” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритгани қизиқишнинг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳозирча Ўзбекистонда ZF-UZ-COV-2001 ва СПУТНИК-V вакциналарини ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш жараёнини Ўзбекистонда йўлга қўйиш истагида бўлган барча ташаббуслар ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.
Олиб келинган “Модерна” вакцинаси тугаса, унинг иккинчи босқичида қандай йўл тутилади? Бу вакцина яна олиб келиниши режалаштирилганми?
Олиб келинган 3 млн 60 доза вакцина билан 1,5 млн атрофидаги аҳолини тўлиқ эмлашимиз мумкин. Келгусида ҳам ушбу жамғарма томонидан “Модерна” вакцинаси республикамизга яна олиб келиниши мумкин. Нафақат бу вакцина балки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган бошқа вакциналар ҳам олиб келиниши эҳтимоли бор.
АҚШдан олиб келинган вакцинанинг самараси қолган вакциналарга нисбатан кўпроқ кузатилса, қолган вакциналар билан эмлаш тўхтатилиши мумкинми?
Вакциналарнинг иммуногенлиги 50 фоиздан юқори бўлса, у ҳолда самарадор ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистонда қўлланилаётган барча вакциналарнинг иммуногенлиги 90% дан юқори деб баҳоланган. Ҳар қандай самарадор бўлмасин, республикамиз эҳтиёжини фақат «Модерна» вакцинаси билан қондириб бўлмайди. Шу боис ҳам бошқа вакциналардан воз кечилмайди.
«Модерна» вакцинаси олис ҳудудларга ҳам етказиладими?
Албатта Ўзбекистонда қандай вакцина ишлатилишидан қатъий назар барча ҳудудлар аҳоли қатламига ушбу вакциналар етиб боради. Ҳозир «Модерна» вакцинаси барча ҳудудларда мавжуд.
Вакцина қабул қилган фуқаро маълум бир муддатга ишда озод этилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўзда тутилганми?
Ишдан озод этиш амалиёти мавжуд эмас. Лекин, эмланган шахслар, эмлаш пунктининг ўзида 30 минут давомида, кейинчалик уч кун мобайнида кузатувда бўлишади.