АсосийJamiyat

ИИВ, Сенат, АОКА... Журналистни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар ваколатли идоралар томонидан назоратга олинди

'ИИВ, Сенат, АОКА... Журналистни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар ваколатли идоралар томонидан назоратга олинди'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, "qalampir.uz" журналисти Феруза Нажмиддинованинг куни кеча “Tashkent City” ҳудудидаги ресторанлар Республика махсус комиссияси қарорини писанд қилмай, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий материали ортидан уни обрўсизлантиришга қаратилган видеомонтаж тайёрланган.  

Айни пайтда ушбу ҳолат кенг жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, ваколатли идора ва ташкилотлар ҳолатни ўз назоратига олди.

Хусусан, Ички  ишлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси тезкор хизматлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини, вазият  назоратга олинганини баён қилди. Шу ўринда, журналистларнинг холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлашлари ва уларнинг ҳимоясига доимо тайёр эканликлари таъкидланди.

Шунингдек, АОКА ҳам мазкур масалага муносабат билдирди:

Агентлик ушбу журналистнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясидан яқиндан хабари бор ташкилот сифатида берилган баёнотни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Агентлик ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралайди. Эслатиб ўтиш жоиз, ёлғон (фейк) ва нохолис ахборотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қатъий жазолар белгиланган.  АОКА qalampir.uz интернет-нашри журналистининг юксак фуқаролик бурчи ва аҳоли орасидаги долзарб муаммоларни ёритишдаги фаоллигини қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилишига, айбдорларга қонуний чора кўрилишига ишонади.

 

Ушбу масала Олий Мажлис Сенатини ҳам бефарқ қолдирмади. У вазиятга қуйидагича изоҳ берди:

Ўз навбатида, ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди. Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил ахборот берилади.

 

Жумладан, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ҳам ўз саҳифасида ушбу ҳолат юзасидан муносабатини билдирди.

Биринчидан, тарқатилган бўҳтономуз видеолавҳа Интернет тармоғи орқали миллионлаб инсонларга етиб борди. Иккинчидан, гап аёл, суюкли рафиқа, она ҳақида  боряпти. Назаримизда, видеолавҳани тарқатганлар масаланинг ана шу жиҳатини унутган кўринишади. Шу боис бу хатти-ҳаракатни барча журналист касбини эгаллаган аёлларга ҳам таҳдид деб биламиз. Бу қилмиш, албатта,  ҳуқуқни ҳимоя  қилувчи идоралар томонидан  текширилади. Бундай вазиятда биз қалам аҳли - журналистлар, блогерлар адолат тантанаси йўлида бирлашмоғимиз лозим. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси жамият манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган журналистларга, биринчи навбатда, уюшма аъзоларига нисбатан ҳар қандай тазйиқ, таҳдид ва бу каби тубанликларни кескин қоралайди.
 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати эса, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бўхтонларга қарата шундай жавоб берди:

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВ соҳасида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Журналистлар ва блогерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳақида бир неча бор юқори минбардан таъкидланди. Сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳотлар кун тартибининг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилинган Ўзбекистонда, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, журналист, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш мумкин эмас! “Юксалиш" умуммиллий ҳаракати жамоаси журналистнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, унинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳаракатларини қоралайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақиради.

 

Бошқа янгиликлар