Хитойлик 14 ёшли Олимпиада чемпиони Сюан Хунчан учун бутун дунё бўйлаб тўпланган 41 миллион доллардан спортчининг оиласи воз кечди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Хунчан Токио олимпиадасида сувдан сакраш бўйича олтин медални қўлга киритган, шундан кейин берган интервьюсида унинг оила аъзолари ўта қашшоқликда яшашини, шунинг учун у 4 йил олдин автоҳалокатга учраган онаси ва оиласини таъминлаш мақсадида катта пул топиши зарурлигини айтган.
Интервьюдан сўнг маҳаллий клиника Хунчаннинг онаси ва бемор бобоси учун тўлиқ бепул тиббий хизмат таклиф қилди. Бундан ташқари унга бепул уй, пул мукофоти, кўнгилочар марказ, ҳайвонот боғи ва курортларга бутун умрлик бепул чипта, исталган ширинликни чексиз миқдорда совға қилишга ҳаракат қилишади.
Чемпион қизнинг оиласига таклиф қилинган ёрдам миқдори жами 41 миллион доллардан ортиб кетган. Аммо Хунчаннинг отаси бу таклифларнинг барчасини рад этиб, «Мен барча ёрдам таклиф қилган ташкилотлардан миннатдорман. Лекин улардан бир юань ҳам олмайман», дейди.
Хунчан чемпион бўлганидан кейин унинг яшаётган уйини кўришни истовчилар кўпайиб кетади. Аммо маҳаллий маъмурият коронавирус инфекцияси кўпайишини иддао қилиб, уй атрофига одам тўпланишини таъқиқлаб қўяди.