Кинематография агентлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамкорлигида “Media Illusion” студияси томонидан Чўлпон ҳақида "Қуш эсдалиги” ҳужжатли фильми яратилди.
Маълум бўлишича, ушбу фильмида бош қаҳрамонни Шоҳжаҳон Субҳонов ижро этган. Ёш актёр фильм ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди:
– Чўлпоннинг ижодий фаолиятини ўрганиб ўзим учун анча илм ва тажриба олдим. Шоир 24 ёшидаёқ Туркистонда анча таниқли бўлган. Қолаверса, жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ва илғор ташаббуслари билан эл назарига тушади. Ёш режиссёр Ҳусан Рашидовнинг таклифи билан кастингда қатнашиб, муваффақиятли ўтдим. Съёмка жараёнлари анча ҳаяжонли бўлди. Фильмда Чўлпон сиймосини тўлақонли очиб беришга ҳаракат қилдим. Бу тарихий образ мен учун дебют ижро бўлди. Барча қийинчиликлар ва машаққатлар бесамар кетмади, деб ўйлайман. Ижодий жамоа билан ишлаб, жуда катта тажриба тўпладим.