1

Нозим Тўлахўжаев: “Шахсий ҳаётдан кўра ижодни устун қўйдим”

ШОУ-БИЗНЕС 11.04.2016, 14:46
Теглар: Кино, Актёр
Нозим Тўлахўжаев: “Шахсий ҳаётдан кўра ижодни устун қўйдим”

Бугунги қаҳрамонимизнинг санъатга кириб келиши тасодиф эмасди. Ижодий муҳитда улғайган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нозим ТЎЛАХЎЖАЕВ чин маънода отасига муносиб издош бўла олди. Истеъдодли режиссёр, сценарийнавис вақт ўтиши билан актёрлик қирраларини ҳам кашф эта олди. Нозим ТЎЛАХЎЖАЕВ ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди... 

“Анна Ахматова қўшнимиз эди” 

— 1951 йилнинг 4 январида Тошкент шаҳрида зиёли оилада туғилганман. Отам Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, онам Тамара Хачатурова сил касаллигини даволовчи шифокор эди. Опам Муҳаббат Тўлахўжаевани кўпчилик “Мафтунингман” фильмидаги Муҳаббат роли орқали яхши танийди. Бироқ у актрисаликни танламади, ҳозирда таниқли театршунос. 

Болалигимда жуда шўх бўлганман, доим бир “ҳунар” кўрсатиб юрардим (кулади). Энг қизиғи, ҳарф танимасам-да, китобни бошидан охиригача эринмай ҳар бир қаторига бармоғимни қўйиб, кўз югуртириб чиқардим. Ота-онам бу ишимдан ташвишга ҳам тушишарди (кулади). Китоб ўқишга бўлган иштиёқим сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада юқори бўлган-да. 

Уруш вақти Ўзбекистон кўплаб бошқа миллат вакиллари қатори ижодкорларни ҳам бағрига олганди. Машҳур рус шоираси Анна Ахматова қўшнимиз эди. Сўнг Чилонзор кўчасидаги кинематографлар учун қурилган уйга кўчиб ўтганмиз. Ўқишни 163-мактабда давом эттирганман. 

Яна бир қизиқ ҳолат: 1961-йил Юрий Гагарин фазога учганида болаларча дунёқараш билан “Режиссёр бўлишни истамайман, албатта, фазогир бўламан!” деб ният қилгандим. Адабиётга меҳрим бўлакчалиги боис шу фандан аъло баҳога ўқирдим. Қолган фанлардан ўзлаштиришим кўнгилдагидек эмасди. Очиғи, дарсдан қочиб, аввалги “Чайка” кинотеатрига кино кўргани борардим (кулади). 

Эсимни танибманки, атрофимда театр, кино, актёрлар бўлган. Бу ижодий муҳит келажакда қайси соҳани танлашимга ҳам таъсир кўрсатгани табиий. Тоғаларим ҳам машҳур режиссёрлар Альберт ва Эдуард Хачатуров. Болалигимдан отамнинг ёнида юриб, кичик-кичик эпизодларда суратга тушардим. “Олманинг тагига олма тушади”, деганлари рост экан. 

“Москва театрида ишлашни истамаганман”

- 1970 йил Москвадаги Луначарский номидаги театр санъати институтининг режиссура факультетига ўқишга кирганман. Андрей Гончаров, Иосиф Туманов, Юрий Любимов каби машҳур устозларнинг қўлида таълим олганман. Булар уруш вақтида Тошкентда яшагани учун мени худди қадрдон инсонидек қабул қилишган. Қолаверса, театр ва киноактрисаси Фаина Раневская билан яқиндан таниш эдик, уйига тез-тез борардим. Атрофимда фақат буюк ижодкорларни кўрардим. Улар кўксимдан итармай, театр ва кино санъатининг “алифбо”сини ўргатишдан эринишмасди. Ўз ишининг усталари бўлган актёрлар билан мулоқотим актёрлик қирраларимни ҳам очилишига туртки бўлган бўлса ажабмас. 

Институтни тамомлашим арафасида катта-катта асарлардаги ҳамма бош ролларни ўйнашга улгургандим. Александр Абдулов, Алла Пугачева каби ижодкорлар билан бирга таҳсил олганман, бир-биримиз билан дўст бўлганмиз. Кейинчалик курсдошларимнинг бари машҳур санъаткор даражасига етишди. 

Сира ёдимдан чиқмайди, мен билан таҳсил олган бир актриса Москванинг бадиий академик театрига ишга кириш учун синов топширадиган бўлган. Шунда у “Нозим, партнёрим бўлиб роль ижро этиб бер, театрга ишга кирмоқчи эдим”, деб қолди, рад этмадим. Синовнинг жавоби чиққач, ҳайъат аъзолари ўша актрисага қараб, “Сизни ишга олмаймиз, лекин бирга роль ижро этган партнёрингизни театрда олиб қоламиз”, деса бўладими. Бу хабардан актриса ўзини йўқотиб қўйганди (кулади). Менга эса тезроқ она юртимга қайтиб, ўша ерда ижод қилиш истаги тинчлик бермасди. 1975 йили институтни тамомлаб, Тошкентга қайтгач, бир йиллик ҳарбий хизматга жўнаганман. Ижодкор бўлганим учун “Ҳарбий ҳаётни тасмага муҳрлайдиган режиссёр керак эди, айни муддао”, деб мени ҳарбий киностудияга ишга қўйишган. Оқ-қора суратга оладиган камерам бор эди. Машҳур инсонлар тез-тез ташриф буюриб туришарди. Боксчи Муҳаммад Али келгани ҳам ёдимда (кулади). Айтмоқчиманки, ҳарбий хизматда ўтган йилларим ҳам ижод жараёнида кечган, бу менинг – омадим. Қайтгач, ярим йил ишсиз юрганман.

“Шахзода Чарльз мультфильмингни сотиб оламан деган”

Кунларнинг бирида Мультбирлашманинг директори “Мультфильм суратга олсанг-чи. Ўн дақиқалик бўлса-да, меҳнати бир ярим соатлик бадиий фильмга сарфланадиган вақтни талаб қилади”, деб қолди. Шунда ўзимга ўзим “Қачонгача бошқаларга иккинчи режиссёр бўлиб, уларнинг чизган чизиғидан чиқмай юраман?” деб савол бердим. Ва ўзимга хон, ўзимга бек бўлиш мақсадида мультфильм суратга олишга киришиб кетдим. Илк ишим - “Саҳродаги кўл” мультфильмим Португалияда совринлар билан тақдирланган. Лекин бу йўналиш мени ўзига ром қилиб олса, бадиий фильм режиссёри бўлиш орзуим сароб бўлиб қоладими, деган қўрқув қамраб олган. Авваллари бадиий фильм ишлашга рухсат олиш учун узоқ йиллар иккинчи режиссёр бўлиб ишлаб, тажриба йиғиш шарт эди. Ўйлаб-ўйлаб майли, мультфильм йўналишида яна бир йил ишлайчи, бу ҳам тажриба-ку, деб юрган кунларимнинг бири – 1983 йили россиялик мультипликатор, режиссёр, “Винни-Пух” мультфильми асосчиси Фёдор Хитрук билан учрашиб қолганмиз ва “Мустақил иш қилмоқчиман!” деганман, аслида бунга тайёр эмасдим (кулади). Доимги “Йўқ!” деган жавобни эшитаман, деган хаёлда эдим-да. Кутилмаганда “Майли, қайси асарни суратга олмоқчисан?” деганида шошиб қолиб, “Рэй Бредберининг “Ёқимли ёмғир ёғади” (“Будет ласковый дождь”)сини, деганман. Ва шу асар асосида сценарий ёзиб, олдига олиб борганман. Маъқуллаган, ва мазкур мультфильмим Германия, Испания каби давлатларда намойиш этилиб, қатор совринлар билан мукофотланган. Ўша вақтда Лондондан шаҳзода Чарльз келганида бизни қабулига чақиришган. Таржимон мени шаҳзодага таништирганида, мультфильмим ҳақида илиқ фикрлар билдириб, “2 йил Лондон телевидениесида намойиш этилиши учун мультфильмингизни сотиб олдим”, деганди.

“56 ёшимда актёр сифатида танилдим”

— Актёрликка кириб келишим ҳам қизиқ бўлган. Тоғам Альберт Хачатуров Александр Файнбергнинг “Менинг катта акам” асарини суратга олаётганида актёр Мурод Ражабов қаҳрамонининг укасини ўйнайдиган актёр тополмаган. Ва “Мени Москва театрида ишга олиб қолишмоқчи эди”, деб мақтанганмидинг? Қани ука ролини қойиллатиб кўр-чи”, деб қолди. Ижроим кўнгилдагидек чиқиб, илиқ фикрлар эшитганман. Шундан сўнг “Севги ва қаҳр” (“Любовь и Ярость”), “Севги буржи” (“Созвездие любви”) каби қатор фильмларда суратга тушдим. Режиссёр Равил Ботировнинг фильми орқали россиялик театр ва киноактёри Михаил Кононов билан дўстлашиб қолгандим. Ёшлигимдан қатор фильмларда роль ўйнаганимга қарамай, актёр сифатида 2007 йил суратга олинган режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг “Ўтов” фильми орқали кашф этилдим. Унга қадар “Қариб қолдим, энди режиссёрлар роль беришмайди, актёр сифатида ҳеч кимга керак эмасман”, деган фикрда эдим. “Ўтов”даги ролимга жуда машҳур актёрларни киносиновдан ўтказишган, лекин Аюб менда тўхталган. Шунда “Хато қиляпсан!” деганман. Суратга олишга Бойсунга борганмиз, яшашга шароит бўлмагани учун ўша куниёқ Тошкентга қайтганман. Бир ойдан кейин Аюбни кўчада кўриб қолдим. Ажабланиб “Бойсунда бўлишинг керак-ку?” десам, “Сизсиз фильмни суратга олмайман!” деган. Виждоним қийналганидан “Эртага Бойсунга учамиз!” деганман, фильм шу тариқа суратга олинган.  

“Актёрларга жуда кам ҳақ беришади”

— Ижод “қозон”ида қайнаганим учун ютуқ-камчиликлар кишини доим ўйлантирар экан. Москвадаги баъзи актёрлар ўзбек ҳамкасбларининг ижросини кўриб, “Уларнинг эпизодик ролларни ўйнаётганини кўриб, ўзимиздан уяламиз”, деганди. Ҳақиқатда, Россия фильмларидаги бош қаҳрамонларни ижро этаётган актёрлар ижросини кўриб, ҳафсаланг пир бўлади. Тан олиш керак, бугунга келиб, ўзимизда ҳам чиройли ташқи кўриниш билангина машҳур бўлаётган “актёр”лар кам эмас. Лекин икки-уч йилдан кейин улардан ном-нишон ҳам қолмайди. Биз актёрлар режиссёрга эмас, сценарийга қараммиз. Иқтидоримизни очиб берадиган сценарийлар кутиб яшаймиз. Драматургия оқсагани боис, таклиф қилинаётган фильмлардан бош тортишга мажбур бўламиз. Насиб бўлса, ҳали узоқ яшаш ниятим бор. Ва ўзим ҳурмат қиладиган режиссёрлардан “юк”и бор ролларни кутаман. Актёр Михаил Кононов билан суҳбатларимиздан бирида “Нозим, менинг омадим – зўр сценарийларга дуч келганим. Йўқса, биргина истеъдодли режиссёр ва “юк”и йўқ сценарий билан ўртамиёна актёр бўлиб қолган бўлардим”, деганди. Ҳақ гап! Шукр, Отабек Мусаев махсус курс ташкил қилиб, драматургларни кўпайишига умид боғлаган. Яна бир муаммо: актёрларга жуда кам ҳақ беришади. Бош роль ижрочиси фильмнинг ассистентидан уч баробар кам гонорар олади. Кўпчилик актёрларнинг хусусий фильмда иштирок этиш учун югуриши сабаби ҳам шунда. Чет элдаги актёрлардек “Ваннахонам оқ ранг, ёстиғим кўк ранг бўлсин!” каби катта-катта талаблар қўймаймиз. Актёрнинг меҳнати оғирлигини тушуниш керак. Ўйламанг, инжиқлик, эркалик эмас бу, шунчаки актёрлар таъсирчан “халқ”. Масалан, “Илова” фильмида тоғли ҳудуд бўлишига қарамай, суратга олишдан сўнг ювинса бўладиган шароит қилиб беришган. Ёдимда, Санкт-Петербургда бир сериалда суратга тушганимда 40 даража совуқда ишлаганимиз етмагандек, мени қорга кўмишган. Актёр соғлигини хавфга қўйиб, ўзини минг кўйга солади, ахир. Бизнинг касбимиз ҳаётий хавфлилиги жиҳатидан учувчилардан кейин иккинчи ўринда туради. Отабек Мусаев «Ўзбеккино» Миллий аегнтлиги раҳбари бўлгач, барча муаммоларни тўкиб-сочдик. Отабек Мусаев ишни менинг иккинчи уйимдек бўлиб қолган Ўзбекфильмни таъмирлашдан бошлади. Бу ердаги ўзгаришлар ижодкорнинг жўшиб ишлашига илҳом беряпти. Қолган барча муаммоларни ҳам ҳал қилишга киришган, бундан хурсандмиз, албатта.

“Ўзбек тилини тушунмаганимдан русча гапираман”

— Мухлислар учун ҳалигача Бўривой акаман. “Яратганга шукур” фильмидаги қаҳрамонимнинг исми билан чақиришади. (Норози оҳангда) “Исмим Нозим”, десам ҳам “Йўқ, Бўривой акасиз!” дейишади (кулади). Мухлислар ўзбек тилида гапиришганида русча жавоб қайтарсам, гоҳида мендан хафа бўлишади. Аслида ўзбек тилини тушунмаганимдан русча гапираман. Бу борада жуда қийналаман. Боғчадан то олий таълимгача рус тилида ўқиганим, атрофимдаги дўстларим рус бўлгани боис ҳам ўзбек тилини ўрганолмаганман. Лекин онам арман миллатига мансуб бўлса-да, ўзбек тилида соф сўзларди, ўзбеклар яшайдиган Тахтапул маҳалласида катта бўлган. Мухлислар “Фильмларда ўзбекча гапирасиз-ку!” дейишади. Ролларимга истеъдодли актёр Бахтиёр Қосимов ва гоҳида Элёр Носиров овоз беришади. Бахтиёр Қосимовнинг овози шу қадар мос тушганидан, томошабин мени овозимдек қабул қилади. Яна бир ҳолатга эътибор берганман: “Ўтов”, “Илова”, “Яратганга шукур”, “Ўйин” фильмлари, “Жийда гули” сериалидаги ролларимни хуш кўришаркан. Ёшлигимдан актёр бўлиб танилмаганимдан хафа бўлардим. Ўйлаб қарасам, ёшим улғайгач актёр сифатида кашф этилганимдан хурсандман. Чунки ҳозирги ёшимда севимлиман. Ёш актёрларга маслахатим: ҳақиқий актёр бўлишни исташса, ўзини фильмдан фильмга уриб, катта гонорар талаб қилишдан тийилишсин. Йўқса, эртага ҳеч кимга керак бўлмай қоласиз. Биргина армоним отам 1990 йил вафот этиб, актёр сифатида ютуқларга юришганимни кўролмади. Муҳими, отамнинг орзуларини амалга ошира олдим. Ота-онам оилани муқаддас биларди. Бир-бирини қаттиқ севгани боис онам падаримдан сўнг яшолмади, 1992 йил вафот этди...    

“Бу ришта узоққа бормаслигини билардим”

— Ишни шахсий ҳаётимдан устун қўйганим боис балки ҳозир ёлғиздирман. Севги мени четлаб ўтган, деёлмайман. Ҳақиқий муҳаббатни мактаб даврларимда ҳис қилганман. Ўшанда севган инсоним учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Бироқ кино мени бутунлай ўзига ром этиб олди. Бир сафар учрашувга чиқишим керак эди. Кутилмаганда фильмга чақириб қолишди, қизга қўнғироқ қилиб, боролмаслигимни айтдим ва у хафа бўлиб гўшакни қўйди. Лекин ўзимни айбдор ҳис қилмаганман. Чунки ижод – ҳаётим мазмуни! 1998 йили бир тадбирда бир аёл билан танишиб, дўстлашиб қолгандик. Унинг ота-онаси оила қуришимизга қарши эди. Орадан вақт ўтиб, розилик билдиришди. Ваҳоланки, бу ришта узоққа бормаслигини билардим, ўн йил бирга яшадик. Тақдиримдан норози эмасман, умримни санъатга бағишлаганман!   

Садоқат Аллаберганова тайёрлади

Шарҳлар

Айни дамда “Киночилар уйи”да “Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимоти бошланиш арафасида

22.12.2021, 17:56

Бугун, 22 декабрь куни Киночилар уйида Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий “Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Darakchi.uz" мухбири...
Франция: Энди киноларга ҳам махсус йўлланма билан киритилади

21.07.2021, 17:46

Франциядаги маданий ва кўнгилочар жойлар энди фақат рақамли вакцина олганлик ҳақидаги махсус паспорт эгалари учун  очиқдир, бу Президент Макрон томонидан мамлакатда универсал эмлашни таъминлашга қаратилган...
Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Тирик сайёра” ҳужжатли фильмининг суратга олиш ишлари бошланди

27.04.2021, 16:34

“Тирик сайёра” ҳужжатли фильми Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан тасвирга олинмоқда. Пойтахтимизда қад кўтарган Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган шоир...
Янги фильм — Aнжелина Жоли ёвуз малика ролида (фото ва видео)

03.12.2020, 20:22

"Питер Пен ва Алисия мўъжизалар мамлакатида" (Қайтиш) фильмининг суратга олиш ишлари икки йил олдин тугаганлигига қарамай намойиш этилмаётган эди. Сабаби шу вақт ичида Бренд Чепман...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1