1

Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" романи япон тилида чоп этилди

МАДАНИЯТ 10.11.2021, 20:06
Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" романи япон тилида чоп этилди

Устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг  "Улуғбек хазинаси" романи Японияда япон тилида чоп этилганидан хабар топдик. Шу сабабли устознинг фарзанди Искандар Ёқубов билан атоқли ўзбек адиби ижодининг жаҳон миқёсидаги юксак эътирофи хусусида суҳбатлашдик.

- Адабиётсевар халқимиз отам - Одил Ёқубовни ўз ҳаёти билан эмас, миллат, халқ, одамлар дарди билан яшаб, ижод қилган, курашган ёзувчи, улкан маънавий жасорат соҳиби сифатида эътироф этади, - дейди И.Ёқубов. - Бунинг сабаби инсоф, ор-номус, диёнат, ҳалоллик, орият, ростгўйлик, софлик, миллат қайғуси каби тушунчалар унинг барча асарлари мавзусининг бош ғоясини, мағзини ташкил этади. Отамнинг бундай қатъий ҳаётий позицияси, саботи, маънавий жасорати унинг ўтган асрнинг саксонинчи йиллари поёнида Москвадаги Кремль саройида шўроларнинг йирик қурултойида сўзлаган нутқида ҳам яққол кўзга ташланади.

Яна бир жиҳати борки, болаликдан хонадонимизга Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Чабуа Амирэджиби, Қайсин Қулиев, Юрий Шекочихин, Сергей Залигин, Валентин Распутин, Виктор Астафьев каби ёзувчилар тез-тез меҳмон бўлиб, келиб турар эди. Улар отам - Одил Ёқубовнинг ижоди билан жуда яқиндан таниш, дўст бўлиши билан бирга унинг асарларини жуда қадрларди. Бу жиҳатларни бежиз айтиб ўтмадим. Айни шу омиллар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг асарларини жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинишига сабаб бўлган, десам муболаға эмас.

Масалан, Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" дунёнинг 57 тилига таржима қилинган. "Диёнат" асари йигирма-йигирма икки тилга ўгирилган. "Муқаддас", "Тилла узук", "Қўҳна дунё", "Қайдасан, Морико?" каби повестларини ҳам кўплаб халқлар ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида "Диёнат" романи хитой тилига таржима қилиниб, бир миллион тиражда Чин мамлакатида нашр этилган эди. Ўз даврида Хитой компартияси "Диёнат" романини ҳалолликка, инсоф, диёнатга ибрат намунаси сифатида эътироф этиб, уни мамлакатнинг ҳар бир префектурасида, яъни вилоятида яна алоҳида нашр этиш бўйича топшириқ берган экан.

Энди бевосита "Улуғбек хазинаси" асарига тўхталадиган бўлсак, унинг япон тилидаги эндиги таржимаси Одил Ёқубов асарларининг жаҳоннинг тўқсонинчи тилига таржимаси саналади.

Маълумки, Темурийлар даври ҳали ҳамон дунё адабиёти, тарихи, маданияти ва санъати мухлисларининг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Ҳанузгача асарлари, тадқиқотлари қўлланма сифатида фойдаланиладиган Мирзо Улуғбекнинг шахсияти, у яшаган ғоят мураккаб тарихий давр, ўша замон зиддиятлари, анъана ва қарашлар, муносабатлар китобхонни қизиқтириб келади.

Айни пайтда "Улуғбек хазинаси" тарихий романида асар муаллифи тарихий қаҳрамонларни гапиртирган. Бу эса осон ва жўнгина кечадиган ижодий жараён эмас. Тарихий персонажларнинг ўз даврига, ўз қараши, эътиқодига монанд тилга киргазиш ёзувчидан улкан билим, маҳорат, истеъдод талаб этади. Эҳтимол шунинг учун ҳам "Улуғбек хазинаси" романи АҚШ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб давлатларда нашр этилган.

Ҳар қандай мукаммал асар орадан неча йиллар ўтса ҳамки, дунёнинг исталган чеккасидан ўз ўқувчисини барибир топар экан. Суҳбатимиз аввалида айтганимдек, отам - Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов халқ, миллат, Ватан дарди билан ёниб яшади, ёниб ижод қилди. Унинг асарлари эса эндиликда наинки халқимиз, балки жаҳон китобхонларнинг маънавий хазинасига айлангани шубҳасиз.

Назокат Усмонова ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1