Миссионерликка қарши қандай кураш олиб борилади, миссионерликнинг геосиёсий мақсадлари нималарда кўринади, Ўзбекистонда миссионерлик фаолиятига қандай қаралади, қонунчиликда нималар кўрсатилган шу ва шу каби мавзулардаги суҳбатимиз Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори Мансур Мусаев билан бўлди.
– Глобаллашув шароитида мафкура полигонларида инсон қалби ва онгини забт этишга бўлган ҳаракатлар тобора кучаймоқда. Зеро, глобал миқёсда ғоявий - мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерликнинг кучайиши дунё жамоатчилиги онги, руҳияти ва маънавиятига жиддий таъсир ўтказмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек: “Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда”,-дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда миссионерлик замирида тараққиёт сари интилаётган мамлакатларнинг давлат суверенитети, конституцион тузумга қилинаётган тажовузларни мафкуравий қўллаб қувватлаш, мафкура полигонларида олиб борилаётган кураш учун жуда катта сармояларни сафарбар этишаётганлиги кузатиш мумкин.
Миссионерлик нима?
Кенг маънода миссионерлик (лот. юбориш, топшириш) бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков ташкилотларининг фаолияти ҳисобланади. Миссионерлик - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. Буддизмда милоддан аввалги 3-асрдан бошлаб ёйилган, Христианликда миссионерлик 4-асрдан пайдо бўлган. XIII-XVI асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черкови миссионерлик Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач (ХV-ХVIасрлар), ўз фаолиятини кучайтирди. Миссионерлик Янги ерларни забт этишда мустамлакачиларга ёрдам берди. Католик миссионерларига раҳбарлик қилиш учун папа Григорий XV 1662 йилда Диний тарғибот конгрегациясини таъсис этди. Миссионерлик 19-асрнинг учинчи чорагида, империалистик давлатлар дунёни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврда айниқса активлашди. Христиан миссионерлари Африкада ўз фаолиятларини кучайтирдилар. Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз мамлакатлари сиёсатини ўтказишга катта ёрдам берадилар. Ҳозир хам миссионерлар империалистик доиралар манфаатини кўзлаб иш олиб бормоқдалар.
Миссионерликнинг геосиёсий мақсадлари
Шу ўринда, миссионерлик аниқ белгиланган сиёсий мақсадларни амалга оширишда аксарият ҳолатларда ёвуз ва бузғунчи ғояларини кўзлаётгани ойдинлашмоқда. Мазкур ҳаракатлар оқибатида иқтисодий тараққиётдан орқада қолган давлатларга “беғараз” ёрдамнинг кўрсатиш ниқоби остида айрим мустақил давлатларнинг ички ишларига очиқдан очиқ аралашувининг яширин кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда у ёки бу динни байроқ қилиб дунёвий тартиботга қарши йўналтирилган радикал ҳаракатларга қарши кураш олиб бориш кўп қиррали бениҳоя зиддиятли феномен эканлигини инобатга олиш зарур. Зеро, жаҳондаги етакчи давлатлар миссионерлик ҳаракатларини йўналтириш орқали иқтисодий ёрдам бериш баҳонасида аксарият ҳолатларда ўзларининг сиёсий шартларини бажаришга мажбур қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айниқса, иқтисодий жиҳатдан заиф давлатларга “беғараз” ёрдам кўрсатиш орқали ўз сиёсий таъсир доирасига олиш ҳолатлари тобора ойдинлашмоқда. Хусусан, диний воситалар орқали ўзга давлатларнинг ички ишларга аралашиш билан бир қаторда, кучли давлатларнинг кучсиз давлатларга нисбатан сиёсий босимини тажовузкорлик ҳаракатларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, жаҳондаги етакчи давлатларнинг дунё захираларининг эгаллаш ва назорат қилишда мафкуравий ҳужум қуроли сифатида миссионерликдан фойдаланаётганлиги кузатилмоқда. Бугунги кунда миссионерлик натижасида айрим мамлакатлардаги давлат суверенитети, конституцион тузумга қилинаётган тажовузларни мафкуравий қўллаб қувватлаш ва таъминлаш ҳолатлари намоён бўлмоқда.
Миссионерлик қандай оқибатларга олиб келмоқда?
Дунёда миқёсида таҳликали вазиятини тобора авж олиши миссионерлик борасида жиддий фикрлашни тақозо этаётир. Миссионерлик оқибатида муайян ҳудуд ва минтақада катта маънавий йўқотишлар юз бераётганлиги мамлакат миқёсида ҳукумат бошқарувида ўзаро қарама қарши кучларнинг шаклланишига замин яратмоқда. Мазкур ҳолат, энг аввало, миллатнинг асрий қадриятларига рахна солиш орқали халқ ва миллатнинг турмуш даражасини издан чиқариш орқали давлат бошқарувида сепаратизмнинг кучайиши муайян мамлакат суверенитетига нисбатан жиддий хавф солмоқда.
Ноанъанавий динлар дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда
Ҳозирги кунда, дунё ҳамжамиятини ноанъанавий динларнинг фаолияти ташвишга солмоқда. Айнан, дунё миқёсида ноанъанавий динларнинг ижтимоий намоён бўлиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқаришга замин яратяпти. Бир миллатга мансуб, бир тилда гаплашувчи, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган фуқароларни диний асосда бўлиб ташлашга қаратилган ҳаракатлар ҳар қандай жамият ҳамда давлат учун таҳдид туғдирмоқда. Айни пайтда инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш инсонлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Замонавий воқелик диндан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш давом этиши баробарида, у ўта нозик тус ва хатарли кўринишлар олаётганидан гувоҳлик бермоқда.
Бугунги кунда ноанъанавий диний жамоалар томонидан қилинаётган тарғибот ва ташвиқотлар оқибатида конфессиялараро низоларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, айрим диний ташкилотлар томонидан ўз сафларини кенгайтириш мақсадида ўзга динлар ўртасида миссионерлик фаолиятини олиб бориши диний адоватларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолатлар Африка ва Осиё минтақасидаги қатор мамлакатларда миссионерлик натижасида туб аҳолининг диний таркибидаги мувозанатни бузилишига замин яратмоқда. Натижада, мазкур ҳолатни миссионерлик оқибатида турли дин вакиллари орасида доимий равишда диний адоватлар келиб чиқаётган можаролар мисолида кўриш мумкин. Жумладан, Африканинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Судан Республикасининг асосий нефть захиралари жойлашган жанубий ҳудудлари ўтган аср давомида католик ва протестант мисcионерлари томонидан фаол христианлаштирилган эди. Ушбу ҳудудда марказий ҳукуматга қарши қуролли чиқишлар оқибатида, айрим маълумотларга кўра, 1,5 млн.га яқин одам нобуд бўлган. 2011 йили Африкадаги энг йирик давлат ҳисобланган мазкур мамлакат мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Судан аҳолисининг асосий қисми христианлардан иборат жанубий Судан Республикасига бўлиб юборилди. Ваҳоланки, миссионерлик оқибатида ўтмишда буюк маданият ва тараққиёт даврларини бошидан кечирган халқ ва миллатлар ўртасида ўзаро низо ва адоватларни кучайишига замин яратаётганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Айнан, мазкур ҳолат туфайли Индонезиянинг христианлаштирилган шимолий ҳудудлари – Суматра, Сулавеси ва Молукко ҳудудларида муттасил равишда мусулмонлар ва христиан прозелитлари ўртасида диний низолар асосида тўқнашувлар, қотилликлар, террорчилик ҳаракатлари рўй бериб туради”. Дунёдаги “айрим” сиёсийлашган диний марказлар томонидан мазкур омиллар мустамлакачилик ва янги мустамлакачилик, буюк давлат шовинизми ва халқаро муносабатларда диний зўравонлик асосида мамлакатда парокандаликни келтириб чиқаришга замин яратмоқда. Шу тариқа, “иқтисодий ёрдам” кўрсатиш баҳонасида ривожланаётган давлатларни ички ишларига аралашув сингари қонунга зид ҳаракатлар кузатилаётганлигини таъкидлаш лозим. Натижада, ҳокимият учун кураш, айирмачилик, чегаравий ва минтақавий зиддиятлар, этник можаролар экстремизм ва терроризмни тобора кучайишига замин яратмоқда. Ўз навбатида мазкур ҳолат, мамлакатда диний туйғуларни кучайтириш орқали бир-бирига қарама қарши турган гуруҳларни шакллантирмоқда. Дин мафкуранинг энг кенг тарқалган шакли бўлгани учун ундан сиёсий партиялар ҳам фойдаланди. Кейингилар эса диннинг асл моҳиятини бузиб, уни ниқоб қилиб олди.
Нишонда энг ночор қатлам
Глобаллашув шароитида дунёдаги “айрим” сиёсий куч марказлари ўзларининг геостратегик мақсадларини амалга оширишда “нишон” сифатида танланган мамлакатни ўзига тобе қилишда миссионерликдан фойдаланмоқда. Айниқса, муайян минтақа ва ҳудудда яшовчи аҳолининг энг ночор кам таъминланган қатламини аниқлаш орқали уларга “режали беғараз” ёрдам кўрсатиш баҳонасида ички ишларига бевосита аралашув сингари қонунга зид ҳаракатларни ўзида намоён этмоқда. Жаҳонда геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг ўз демократиясини “экспорт” қилиш орқали дунёга ҳукмронлик учун очиқдан-очиқ даъвогарлик қилиши ҳеч кимга янгилик эмас.
Инсонларнинг диний психологияси ўзгармоқда
Шу тариқа, дунё миқёсида ижтимоий табақаланишнинг кучайиши, бозорнинг шафқатсиз рақобати, иқтисодий инқироз туфайли омманинг диний психологиясини ўзгартирмоқда. Айнан, мазкур ҳолат, миссионерликдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга замин яратмоқда. Айниқса, муайян минтақа ва ҳудудда вужудга келаётган янги диний ҳаракат (ЯДҲ)ларнинг миссионерлик фаолияти уч босқичда амалга оширилмоқда. Яъни: “миссионерлик ҳудуд”ини ўрнатиш, уни хорижий сармоялар асосида молиялаштириш орқали диний жамоалар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, миссионерликнинг фаол тарғибот ва ташвиқоти орқали олдин мавжуд бўлмаган юзлаб христианлик конфессиялари вужудга келмоқда. Айниқса, миссионерликнинг кучайиши жаҳон миқёсида глобал ижтимоий – иқтисодий инқироз даврида давлатларни бир тузумдан иккинчисига ўтиши шароитида авж олмоқда.
Миссионерликка халқаро миқёсда ҳомийлик қилаётганлар бор
Дунё миқёсида миссионерликнинг кенг кўламдаги фаолияти миссионерлик ташкилотларини кенгайтирмоқда. Мазкур ҳаракатга халқаро миқёсда ҳомийлик қилаётган сиёсий марказлар, молиявий доиралар, алоҳида шахсларнинг доимий эътиборда эканлиги миссионерликка нисбатан жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. Айниқса, “айрим” сиёсий марказлар кўмаги остида “беғараз” молиявий ёрдам кўрсатиш ва турли хайрия жамғармалари ниқоби остида кўллаб қувватлаш масалани бу борада жиддий эканлигини тақоза этади.
Хорижий молиявий кўмак асосида молиялаштирилаётган миссионерлик стратегиясида аксарият ҳолатларда сиёсий мақсадларни кўзлаб ҳаракат қилаётганлиги яққол намоён бўлмоқда. Зиддиятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келаётган турли хил сиёсий-мафкуравий гуруҳлар этник-миллий, диний асосда янги зиддиятларни онгли равишда авжига чиқармоқдалар[8]. Натижада, мазкур ҳолат, муайян минтақаларда аввало, жамият хавфсизлиги ҳамда мамлакат барқарорлигига путур етиши учун замин яратмоқда. Айнан, миссионерликни ривожлантириш мақсадида хориждан йўналтирилаётган “беғараз молиявий”дан ўз манфаати ва мақсадлари сари интилиш тобора ойдинлашмоқда. Ваҳоланки, дунё миқёсида геосиёсий кучлар мувозанатининг тобора ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг ўз демократиясини “экспорт” қилиш орқали дунёга ҳукмронлик қилиш мақсадида очиқдан - очиқ даъвогарлик қилишга бўлган ҳаракатлар мисолида намоён бўлмоқда.
Миссионерлик мамлакатни сиёсий бошбошдоқликка етаклайдими?
Яқин Шарқ минтақасига, жумладан, араб мамлакатларига ўз таъсирини ўтказишга уринаётган кучлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг кучайиши улар мустақиллигига таҳдидларнинг янги турлари сифатида намоён бўлаётганини кўрсатмоқда. Ўз навбатида, бундай ҳаракатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, жумладан, айрим араб давлатларининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти ортиб бораётгани, улкан табиий-иқтисодий ва бошқа ресурс салоҳиятига эгалиги улар хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хатарлар сақланиб қолаётган минтақа сифатида ҳамон жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турганлигини ҳам англатади. Зеро, миссионерлик ҳаракатлари натижасида “инсон ҳуқуқлари”, “виждон эркинлиги”, “демократик эркинликлар”ни олға суриш учун кўрсатилаётган “кўмак” аслида мамлакатни парокандалик сари сиёсий бошбошдоқликка етаклаётганлиги яққол намоён бўлмоқда. Эркинлик, демократия инсон ҳуқуқлари каби жозибали ғояларни ниқоб қилиб олган бу сиёсий кучлар шу асосида дунёдаги хоҳлаган мустақил давлатнинг ички ишларига аралашиб, ғаразли мақсадларга эришмоқчи бўлади. Ваҳоланки, миссионерлик орқали амалга оширилаётган “демократия” ниқобидаги уринишлар мана шундай нохушликларни келтириб чиқариши мумкинлигини англаш барчадан жиддий фикрлашни тақозо этмоқда.
“Стратегик тадқиқотлар” нимани кўрсатди
Мутахассислар томонидан ўтказилган “стратегик тадқиқотлар” натижасига кўра, миссионерлик дунёда глобал миқёсида турли конфликтда ва қатъий геосиёсий босимда эканлигини таъкидлашади. Миссионерлик таъсири остида ҳар қандай халқ ва миллатнинг маданий илдизига таҳдид солиш орқали ўта радикал миллатчилик ҳаракатларини вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Натижада, мазкур ҳаракатлар оқибатида дунёда глобал миқёсда этник ва миллатлараро можароларнинг тобора авж олиши ҳар қандай халқ ва миллатни менталитетига рахна солиш орқали маънавий тубанлик гирдобига етакламоқда. Шу тариқа, миссионерлик оқибатида “айрим” сиёсий кучлар ўзининг гегемонлигини ўрнатиш мақсадида ғоявий-мафкуравий, геосиёсий, маданий жиҳатдан устунликка эришиш кузатилмоқда. Хусусан, глобал иқтисодий инқироз даврида миссионерлик дунёнинг ночор давлатлари тараққиётига гўёки, “иқтисодий” ёрдам кўрсатиш баҳонасида қашшоқлик, очлик, ночорликни бартараф этиш мақсадида “мақсадли” ёрдамни тавсия этиши намоён бўлмоқда. Натижада, хориждан йўналтирилаётган “мақсадли” иқтисодий ёрдам таъсирида ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тенгсизлик тобора кескин тус олиши оқибатида бир қатор таҳликали вазиятлар вужудга келмоқда. Ваҳоланки, миссионерлик ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган “мақсадли” ёрдам мазкур минтақалардаги муаммоларни ҳал этиш учун эмас, балки мазкур давлатларни ўзларига иқтисодий қарам қилиш орқали ўзларини моддий жиҳатдан юксалишига замин яратмоқда. Айнан, миссионерлик ташкилотлари томонидан “мақсадли” йўналтирилаётган иқтисодий ёрдам туфайли муайян минтақа ва ҳудуд миқёсида ноанъанавий диний жамоаларнинг кўпайиши кузатилмоқда.
Диний келишмовчиликларнинг ягона манбаи
Шу тариқа мавжуд диний ташкилотлар ўртасида вужудга келаётган диний тафовутлар оқибатида конфессиялараро низоларнинг кучаяётганлигини айтиб ўтиш лозим. Натижада, мазкур ҳолат, диний асосдаги тўқнашувларни келтириб чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аслида, моддий жиҳатдан қудратли ҳисобланган “айрим” дин ниқоби остидаги миссионерлик аслида диний келишмовчиликларнинг ягона манбаи сифатида намоён бўлмоқда. Глобаллашув шароитида цивилизацион модернизация жараёнлари ўзаро зиддиятли бўлгани боис инсоният цивилизациясининг инқирозидан далолат беради. Маълумки, инқирознинг асосини глобал капитал агентлари бўлмиш трансмиллий корпорацияларнинг ғаразли манфаатлари ташкил этади. Бунинг оқибати ўлароқ айрим цивилизациялар ва динларнинг глобал тарзда миссионерликка қўл уриши кузатилмоқда, аммо уларнинг сиёсати бошқа цивилизациялар вакиллари ёки “бегона”лар учун зарарли деб баҳоланиши мумкин. Мазкур фикрлар тасдиғи сифатида XVI асрда вужудга келган мустамлакачи империялар жаҳон мустамлака тизимини пайдо бўлишига замин яратганлигини таъкидлаш жоиз. Натижада, Ғарбнинг йирик давлатлари мустамлакаларга нафақат иқтисодий, сиёсий, балки маданий гегемонлигини экспансия қилди. ХХ аср ўрталарига келиб дунёда мустамлака тузумларини инқирози глобал миссионерликка бўлган эҳтиёжни тугатишга замин яратди. Аммо, бугунги кунда Ғарб маданиятининг ўз устунлигидан маҳрум бўлганига кўникиш ҳосил қила олмайдиган айрим радикал гуруҳлар миссионерликдан воз кечмаётганлиги намоён бўлмоқда. Хусусан, миссионерлик тарафдорлари ўзга цивилизация ресурсларини эскплуатация қилиш ҳисобига иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларнинг кўпгина жиҳатларида ёрқин муваффақиятларга эришмоқда.
Миссионерлик ташкилотларининг стратегияси
Шу ўринда миссионерлик ташкилотларининг стратегиясига эътибор қаратилса, одатда улар ўз мақсадларини расман ошкор этишмайди. Ташкилот аъзолари гўёки, ўз ғояларини ниқоблаш мақсадида “бизнинг мақсадимиз – камбағалликни умуман йўқ қилиш” деган сўзлар ортида аслида эса “ҳамма экканини ўради”, “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” дея чиройли ниқобланган шиорлар остида фаолият кўрсатиши намоён бўлмоқда. Айнан, бугунги кунда дунёда глобал миқёсда демократия ўрнатилиши, инсонларнинг ҳуқуқларини таъминланиши баҳонасида миссионерлик оқибатида Шимолий Африкада, Яқин Шарқда ва Шарқий Европа хусусан, Украинада юз минглаб бегуноҳ инсонларни бевақт вафот этишига сабаб бўлганлигини таъкидлаш ўринлидир. Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятининг тинчлигига рахна солаётган миссионерлик ташкилотлари ўзларининг асл мақсадларини дин манфаатлари билан ниқоблашга уринади. Шу боис бундай миссионерлик гуруҳларининг ваъзларида Худо кўп тилга олинади. Натижада, христианлик дини ва хусусан Ғарб лойиҳаси халқаро ахборот тармоғида дунёдаги энг илғор, тақлид қилса арзийдиган мафкура сифатида тарғиб қилинади. Айнан, мазкур омиллар, миссионерлик жабҳасидаги ҳужум кенг миқёсда, чинакам глобал даражада олиб борилмоқда. Бу ҳақда Рус тадқиқотчиси А. Панарин бундан 15 –20 йил муқаддам миссионерларни “денгиз қароқчилари” дея атаб, уларнинг фаолиятини образли тарзда забт этиш жараёни сифатида тасвирлаган эди: “қуруқликдаги бош истеҳком, дунёнинг асосига қарши Бугун Денгиз қитъани нафақат жисмонан забт этишни, у қитъа этносини – минг йиллар давомида ишлаб чиқилган ва қитъа антропологик қиёфаси учун жавобгар бўлган руҳий-психологик структурасини вайрон этишни режа қилди. Шу мақсадда қитъа аҳолисини автохтонлар ва бешинчи колоннага бўлиш операцияси олиб борилмоқда, бешинчи колоннадан кўзланган мақсад эса денгиз келгиндиларига қитъа қалъасининг дарвозаларини очиб беришдир. Кўз олдимизда “элита” (маданий, сиёсий, хўжалик юритувчи) тушунчасининг ўзи мисли кўрилмаган даражада ўзгартириб юборилмоқда Ғарбча кун кечириш имтиёзини, бу имтиёз кўпчиликка ёпиқ эканлигига қарамай, ўзлаштираётганлар ўзларини элита сўзи билан атай бошламоқда. Элита бугунги кунда денгиз қароқчиларига садоқатлилиги, уларнинг кемасига ўтиб олишга тайёрлиги билан характерланмоқда”,– дея алоҳида эътибор қаратиб ўтган эди. Миссионерликда бу ўзига хос “забт этиш” жараёнининг энг таъсирчан жиҳатларидан бири сифатида манфаатлар қадриятлар кўринишида намоён этилади. Айнан, глобаллашув шиддатининг тобора авж олиши дунё миқёсида геосиёсий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Натижада, мазкур ҳолат дунё қиёфасини тубдан ўзгартириш орқали муайян минтақа ва ҳудуд миқёсида геосиёсий таъсир доираларини қайта тақсимлашга бўлган ҳаракатлар мисолида намоён бўлмоқда. Миссионерлик гўёки, динни тарғиб этиш орқали амалга оширилаётган тарғибот аслида сиёсий, иқтисодий, маданий жиҳатдан экспансия этишни ўзида акс этади.
Миссионерлик ғаразли мақсадларга эришиш воситаси
Хорижий ОАВда миссионерлик фаолияти ўрганилганда, “айрим” сиёсий марказлар, махсус хизматлар манфаатлари учун ишлаётганлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, россиялик экспертлар протестантликка мансуб мормонлар черкови АҚШ махсус хизматлари учун жосуслик фаолияти билан шуғулланади, деб ҳисоблайдилар. Айнан, глобаллашув шароитида дунёдаги “айрим” сиёсий кучларнинг баъзи доиралар диндан хусусан, миссионерликдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш воситаси сифатида мутаассиблик, фанатизм ҳаттоки давлат тўнтаришлари каби қабиҳ йўлларидан фойдаланаётгани афсуски, ҳеч кимга сир эмас.
Глобаллашув жараёнида иқтисодий инқироз даврида дунёда гегемонлик қилишга интилиш тобора кучаймоқда. Бир неча аср олдин колониялаштириш христианликнинг шиорига айланган бўлса, ҳозирда “жаҳонга кириб бориш”, айнан миссионерлик ҳаракатлари оқибатида тобора кучаяётганлиги намоён бўлмоқда. Ахборот-таҳлилий тадқиқотлар натижаларига кўра, диний соҳага бевосита дахлдор ушбу глобал ҳодисаларнинг тобора чуқурлашиб ва кенг қамров касб этиб бораётганини кўрсатади.
Бугунги кунда дунёда вужудга келаётган таҳликали вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб, геосиёсий рақобатнинг ошиб бораётгани, ғоявий-мафкуравий экспансиянинг фаоллашувини намоён этмоқда.
Мана шундай мураккаб шароитида мамлакат хавфсизлиги ва жамият барқарорлигига, унинг манфаатларига, миллат келажагига рахна соладиган ҳар қандай кучга қарши курашда биз фақат халқимизнинг ақл-заковати, букилмас иродаси ва салоҳиятига, ўз куч ва имкониятларимизга таяниб мафкуравий тарбия воситасида доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлиш масъулиятли муқаддас вазифамиз эканлигини англаш бугунги давр ва бугунги замон тақозо этмоқда.
Ўзбекистон қонунчилигида миссионерлик ҳақида қандай фикрлар бор?
Суҳбатимиз якунида фикрларимизни қонунчилик билан мустаҳкамлаган ҳолда, Ўзбекистонда миссионерликка берилган тавсиф билан таништириб ўтамиз.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, миссионерлик — аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолиятдир. Ушбу қонунда Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил эканлиги ҳамда миссионерликни амалга оширишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жавобгарлик масаласи қандай бўлади?
Жиноят кодексига мувофиқ, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
М. АБДУСАМАТОВА суҳбатлашди