Маълумки, ФҲДЁ идоралари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтгандан сўнг мазкур соҳани яхшилаш учун бир неча йўналишдаги ишларга қўл урилди. Авваламбор тизим рақамлаштирилди. Чунки, тизим рақамлашса, одамлар учун давлат хизматини олиш соддалашади. «ЗАГС» соҳасига оид ҳужжатларни компьютерда бир бармоқ босишда олиш имконини яратиш учун махсус «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» тизими яратилиб, у ахборот тизимига киритилди, яъни интеграция қилинди. Хўш, интеграциянинг одамларга нима нафи бор дерсиз? Нафи шундаки, қоғозбозлик камайди. Фуқаро ва соҳа ходимларининг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилди. Масалан, тиббиётда туғилиш ва ўлим ҳолатлари электрон шаклда базага киритилгани боис икки идора орасида «борди келди»га чек қўйилди
Тизимдаги ўзгаришлардан бири композит ва экстерреториал хизматларнинг йўлга қўйилганидир. Жорий йилдан бошлаб туғилишни қайд этиш билан боғлиқ хизмат композит шаклга келтирилди. Яъни, фуқаро бир мурожаат билан 6 та хизматни олади. Бола туғилганлигини қайд қилиш, бир марталик «суюнчи пули» олиш, доимий яшаш манзили, поликлиника ва боғча, мактабга рўйхатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон тарзда амалга оширилмоқда. Экстерриториал тамойилнинг эса халқ учун жуда катта фойдаси кўзга ташланди. Масалан, никоҳдан ўтишда келин Хоразмда, куёв Тошкентда, аммо оила Навоий вилоятининг Нурота туманида тузилиши бу мўъжиза. Электрон мурожаат орқали оила қуриш кунини белгилаб, ўша куни ўзлари белгилаган ФҲДЁ идорасидан никоҳдан ўтиш бу одамларнинг вақтини ва маблағини тежаб қолмоқда.
Кўпчилик учун муҳим бўлган яна бир жиҳат - ФҲДЁ хизмати учун тўловларни амалга оширишда автоматлаштирилган «биллинг» тизими жорий этилди. Маблағлар фақатгина расмий банк ҳисоб рақамига тушиши, мурожаатчининг телефон рақамига «смс» шаклида «сиздан ортиқча пул талаб қилинмадими?» деган хабарнинг келиши одамларда хизмат учун ишончни ортирмоқда,бу эса шубҳасиз шаффофликни ҳам таъминлаяпти. Айни кунларда ФҲДЁ идораларида хизмат олувчилар учун электрон навбат ҳам йўлга қўйилди. Юқорида таъкидланган янгиликлар тизим ДХА тасарруфига ўтганидан сўнг амалга оширилган ислоҳотлардир. Шу билан бирга
«Загс»ни энг кўҳна давлат идоралардан бири, дедик . Унинг дардичи?
Сир тутиб нима қилдик, бугун Давлат хизматлари Агентлиги учун энг оғир ва ечимталаб масалалари кўп орган бу Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш идораси бўлиб қолди. Энг асосий эътибор кадрлар сиёсатига қаратилиб, унда ислоҳот олиб борилишини даврнинг ўзи тақозо этди. Ходимлар адлия вазирлигида аттестациядан ўтказилди, билимли ва салоҳиятли мудиралар ва иснпекторлар ўз ишларида қолдилар. Афсуски, айрим ходимлар тизимни тарк этдилар. Йиллар давомида мудиралар учун туғилишни қайд этишда ташлаб кетилган “суюнчи пуллари”, никоҳдан ўтишда эса “йўқ, ҳеч нарса бермадим” деганда шампан виноси-ю, қимматбаҳо коробкада келадиган шоколадлар, фарзанд асраб олинганида ёки оталикни белгилашдаги ҳолатларда қолдириб кетилган “хизмат ҳаққи”лар коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарганига нафақат ота-боболаримиз, балки ҳозирги авлод ҳам гувоҳ. Фақат аввал тизимда ҳозиргидай муросасиз кураш йўқ эди. Энди ҳар бир ходим ҳаллоллик вакцинаси билан эмланиши шарт. Йуқса, тизимдаги ўрнидан мосуво бўлиши бор гап.
Жамоатчилик хабардор бугун мамлакатимиздаги ФҲДЁ идораларида қоғоз шаклида сақланаётган 60 миллиондан ортиқ фуқаролик далолатнома ёзувларининг қарийб 2 миллиони Навоий вилоятига тегишли. 11 та туман ва шаҳар ФҲДЁ органлари архивидаги маълумотномалар тўлиқ рақамлаштирилди. Айни кунда инсон омили туфайли ФҲДЁ электрон архив базасига киритилмай қолган ҳужжатлар устида иш олиб борилмоқда. Чунки, бу маълумотлар тўлиқ ва хатосиз киритилиши зарур. Ҳатто битта ҳарф нотўғри киритилса, тизим фуқароларга оид маълумотни инкор этади. Шунинг учун ҳам рақамлаштириш масаласи жуда муҳим.
Навоий вилоятида 2021 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 21627 та болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди. 7897 та оилага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Бахтга қарши 1007 ажрим, 4455 ўлим ҳолати бўйича далолатнома ёзувлари киритилди. Мазкур ҳаракатлар нафақат идоранинг ўзида, баъзан уйма-уй юриш натижасида, баъзан сайёр қабулда, баъзан мобил офисда ҳам амалга оширилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, беш қўл баробар бўлмаганидек, айрим фуқаролар шахсий ҳужжатларига шунчалар бепарволарки, бунга ҳудудларда бўлганимизда гувоҳ бўлдик. Фарзанд туғилсаю, унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишмаса, икки ёш оила қурсаю, наҳот никоҳдан ўтганликларини расмийлаштирмасалар, одам дунёдан ўтади, нега унинг вафоти қайд этилмайди. Бундай ҳолатлар сабаби аҳоли хонадонларига уйма-уй юриб ўрганилди. Маълум бўлишича, айрим фуқароларнинг бепарволиги, ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги, баъзи ҳолларда моддий жиҳатдан ночорлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги, аксарият ҳолларда марказдан олис манзилларда, дейлик чўллардаги овулларда ёки тоғ этакларида яшаётгани боис юқорида таъкидланган ҳолатларни кузатиш мумкин. Аммо, одамларда боқимандалик кайфияти ҳамон мавжуд. “Портал”га биргина телефон орқали қилган мурожаати билан шахсий ҳужжатини тиклашга уринаётган, пули бўла туриб, хизмат учун тўланадиган бож тўловларини маҳалла ёки саховатпеша инсонлардан ундираётган одамларга Яратганнинг ўзи “инсоф берсин” деймиз. Аммо, ночор одамларга тизим доимо кўмаклашади.
Оила - шахсий хотиржамлик ҳудуди.
Оила инсоннинг ишдан ҳориб келганида ҳаловат топадиган маскани... Юракнинг барча чигиллари ёйиладиган қўрғон... Эр-хотин, бола-чақа учун шахсий хотиржамлик ҳудуди. Аммо, ҳаммадаям шундайми? Уйма-уй юриб ўтказиладиган ҳуқуқий тарғиботлар туфайли анча-мунча оилавий муносабатларга дуч келдик. Аммо, бир оилага ваколатимиз доирасида кўрсатган давлат хизматидан рости ўзимиз ҳам суюндик. Навоий вилоятининг олис ҳудудларидан бири Учқудуқ туманининг “Олтинтов” овулида яшайдиган оила мурожаати сабаб ҳудудда бўлдик. Оила боши Нурлан Айтиганов 10 йилдан буён Салтанат Каримбаева билан турмуш қурсада, фуқаролик паспорти йўқлиги боис никоҳдан ўтишолмаган. Занжирли муаммо уларнинг фарзанди ҳаётига ҳам таъсир қилмай қўймайди. Болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олинмаган бўлсада, унга Артур деб ном берган ота-она ҳужжатсиз фарзандини на боғчага, на мактабга бера олишини тушуниб етдилар.
Энди ҳужжат учун овора бўлмайсиз.
-10 йил давомида ўғлимга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмадим. Боиси, тирикчилик учун ўзга юртларда ишлашга ва фарзандимни ўша юртларда ижарада яшаган уйда қўлимга олишга мажбур бўлдим,- дейди кумушконлик Дилфуза Бобомуратова. Фуқаро айни кунда ота юрти Кармана туманига қайтган. 10 ёшли ўғлига Юсуфбекка "метрика"олиш учун президент қабулхонасига қўнғироқ қилиб, оғзаки мурожаат қолдирган. "Аслида тўғридан-тўғри "ЗАГС"га мурожаат қилсам бўларкан, аввалгидай яна ҳужжат сўрашлар бошланади, деб уйлагандим" дейди фуқаро суҳбат чоғида. ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошчилигида олиб борилган тезкор ўрганиш натижасида Кармана тумани ФҲДЁ бўлими ходимлари ҳамкорлигида фуқаро мурожаати қаноатлантирилиб, Юсуфбек Бобомуратовга муддати ўтган бўлсада, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Фуқаро эса ФҲДЁ хизматидан миннатдор. Худди шундай Навоий шаҳар Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими томонидан муддати ўтган туғилишни қайд этиш бўйича амалга оширилаётган ҳаракат орасида 6 ёшни қаршилаган болакайнинг ҳаёти бефарқ қолдирмади. Оилавий муаммолар гирдобидаги аёлга ҳуқуқий ва амалий кўмак берилди. Азизжон Назаровга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди. Шундай тақдир эгалари борки, баъзида уларга кўмак қўлини чўзишнинг ўзи ҳам кишини саодатли қилади. Азизжон Назаровга саховатпеша инсонларнинг кўмаги билан "метрика"ли бўлди. Энди мактабга бориш муаммо бўлмайди.
Шунақаси ҳам бўларкан...
Навоий вилояти Конимех туманининг "Боймурод" овулида умрини чорва боқишга бағишлаган Кейлимжан Жаманбаев 63 йил деганда мобил офисда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани илк бор қўлига олди. Шунақаси ҳам бўларкан.
-Бизда бу ёшни "пайғамбар ёши", дейишади. Пайғамбар ёшида метркалик бўлдим. Бир умр овулда яшаганмиз. Ота-онам вафот этганига анча йиллар бўлган. Оилам, фарзандларим кўчиб кетишди. Менинг ҳужжатларим эса йўқ экан. Конимехга “ЗАКС”га мурожаат қилдим. Барака топишсин, овулга яқин ҳудудга чақириб манов автобусда қўлимга беришди, дейди отахон.
Аслида нима бўлганди?
Навбаҳорлик Лолахон Хўжаеванинг икки фарзанди ҳам "метрика"сиз улғайишди. Бири 24 иккинчиси 21 ёшда. Навбаҳор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Ҳалима Нурматованинг таъкидлашича, болалар бирор марта ҳужжат олишмаган. Уларда на мактабни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатнома, на фуқаролик паспорти бор. Чунки, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бўлмаса ҳеч бирини олишнинг имкони йўқ-да. Берилган ҳуқуқий ва амалий кўмак боис, опа-укаларнинг туғилганлик гувоҳномалари фуқаролик судининг қарори орқали қонуний ҳал этилди. Хўш, ўзи аслида нима бўлганди? Она 1996 ва 1999 йилларда икки боласини ҳам уйида қўлига олган. Туманнинг олис чўл ҳудудида истиқомат қилгани боис туғруқхонага боришга имкони ва шароити бўлмаган. Икки бола ҳам мактабни ҳужжатсиз тамомлаган. Беҳрузбекнинг таъкидлашича, мактабни тугатгач, ҳатто бирор бир ишга ҳужжатсизлиги туфайли киролмаган. Мафтуна эса йиллар давомида фамилиясини Ахмедова деб уйлаган. Судқароригакўратикланганнасл-насабэсауларгаХўжаевларфамилиясиниберди. Туғилганликгувоҳномалариниолганопа-укаларнингқувончичексиз. Улар йиллар давомида ҳужжатсиз ва насл-насабини билмагани учун ҳеч кимдан ранжимаган. Бироқ, ҳужжатсиз юришнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунганлари аниқ.
Бу идорада аҳоли мурожаатларига доим жавоб бор!
Бугун ижтимоий тармоқларда жамоатчилик жуда кўп фикр билдираётган тизим ФҲДЁ идорасидир. Чиндан бу ташкилот эшигидан одам аримайди. Туғилганлик, никоҳ тўғрисидаги гувоҳномаларини олиш, оталикни белгилаш, баъзида бахтга қарши никоҳдан ажралиш ёки ўлим гувоҳномасини олиш, фуқаролик ҳолатлари бўйича архив ҳужжатларига эҳтиёж сезганлар ҳам шу маскан томон шошиладилар. Чунки, бу идорада аҳоли мурожаатларига доимо жавоб топилади. Хатирчилик Наргиза Ҳайдарова эътиборсизлик туфайли 19 йил туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ололмаган. Фуқаронинг айтишича, унинг ота-онаси шаърий никоҳда яшаган, отаси вафотидан сўнг эса “метирка” олишнинг умуман имкони бўлмаган. Йиллар ўтиб ўзи ҳам оила қурди, фарзандли бўлди. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бўлмаганлиги учун фуқаролиги йўқ одамлар қаторида ўзи ҳам никоҳ гувоҳномасисиз Самарқанд вилоятига келин бўлди, фарзанди туғилганида эса боласига ҳам гувоҳнома ололмади. Чунки, онада паспорт йўқлиги боис фарзандга “метрика” олишни қонун таъқиқлайди. Йиллар давомида занжир каби бир-бирига боғланиб келаётган муаммоларни бартараф этишни аҳд қилган Н.Ҳайдарова ваколатли идораларга мурожаат билан чиқди. Берилган ҳуқуқий тушунча ва тавсиялар натижасида19 ёшида суд қарори билан Наргиза Ҳайдарова Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлимидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани қўлига олди.
Бахтимни иккинчи оиламдан топдим, аммо....
Қизилтепа тумани "Варозун" маҳалласида яшовчи фуқаролар Шахоб Ражабов ва Гулшан Ярбековалар ўз бахтларини иккинчи оиласидан топди. Афсуски, улар никоҳда эмаслар. Боиси, ҳар иккисининг ҳам биринчи никоҳи мавжуд. Айни кунда суд томонидан мазкур ҳолат бўйича фуқаролик иши кўрилмоқда. Аммо, бу орада оилада икки фарзанд туғилиб, уларга ҳам туғилганлик гувоҳномаси ололмаганидан ота-она ташвишда эди. Мазкур оиланинг мурожаати ўрганилиб, Қизилтепа туман ФХДЁ бўлими томонидан оиланинг икки фарзанди 2014 ва 2017 йилда туғилган Гулина ва Шахбозжонларга туғилганлик ҳақида гувоҳномалар расмийлаштирилди. Айниқса, болалар қувончини айтмайсизми? Бахтли бўлиш учун уларнинг қувончдан порлаган кўзига боқишнинг ўзи кифоя.
Мени аёллар дафтарига киритинглар...
Чилаш қишлоғилик аёл турмуш ўртоғининг кўзи ожиз бўлсада, ногиронлик белгиланмаганлиги, боз устига фуқаролик паспорти ҳам йўқотганини ўз мурожаатида билдирган. Ҳаётда айрим одамлар учун муаммолар занжир каби бир-бирига уланади.14 йил аввал ота паспортини йўқотганлиги учун аёл 2008 йилда туғилган фарзандига “метрика” ололмаган. Боз устига бола уйида туғилган. Ишсизлик ва етишмовчилик, касалманд турмуш ўртоғини “духтир”ларга қаратишга “қўли калта"лиги уни кўчага чиқишга ундайди. ДХА Навоий вилояти бошқармаси аралашуви ҳамда Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими томонидан аёл мурожаатига тезда ечим топилди. Фуқаронинг фарзандигатуғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Фарзанди метрикаси учун тўлов ҳам мутахассислар ҳиммати билан онага "сюрприз" қилинди. Турмуш ўртоғига фуқаролик паспорти ва ногиронликни белгилаш, ўзини "Аёллар дафтари"га киритиш мурожаати ҳам тегишли идоралар назоратида.
10 йилдан сўнг никоҳ қуришга ариза ташладим.
Навбаҳорлик Мафтуна Яхшимуродова бундан 10 йил аввал оила қуриб, икки фарзандли бўлди. Айни кунда болалари мактаб ёшида. Кенжасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлмаса мактабга ҳам олишмайди. Аввалига ҳуқуқий тушунча етишмаслиги, кейинчалик имконсизлик сабаб на никоҳини қонунийлаштира олди, на болаларининг туғилганлик ҳолатини расмийлаштира олди. Боиси, турмуш ўтоғининг фуқаролик паспорти йўқлиги боис вақтида никоҳлари қайд этилмаган. Хуллас, занжирдек бир-бирига уланиб кетган муаммолар Навбаҳор тумани ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилинганидан сўнг барҳам топди. Мафтуна икки фарзандига оталик ҳуқуқини белгилаш билан туғилганлик тўғрисдаги гувоҳнома олди, ўзи эса никоҳдан ўтишга ариза ташлади.
Хулоса ўрнида сўз. Никоҳ фақат мактабга бориш, болаларни туғруқхоналардан чиқариш ёки мулкий муносабатларда тузилиши лозим эмас. Бу тушунча фуқароларда никоҳ аҳамиятини етарли даражада англамаслик оқибатида пайдо бўлмоқда. Зотан, қонуний никоҳ эр ва хотин зиммасига муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклайди. Айни кунда фуқаролар йўл қўяётган яна бир хатолик мавжуд. Суд қарори билан никоҳ бекор қилингандан сўнг ФҲДЁ бўлимига келиб мурожаат қилишлари лозим. Кўпчилик суд қарорини кўлига олгандан сўнг, ажрим муносабатлари якунланди, деб уйлайди. Аслида эса, фуқаролар ФҲДЁ бўлимидан ажрим ҳолатини қайд этишлари лозим. Кузатилаётганидек, хизматга аҳоли мурожаатларининг кўпайиши эса вақтида оилавий муносабатларни қонуний расмийлаштирмаслик оқибатида келиб чиқаётгани аниқ. Демак, фуқаролик ҳуқуқи, бурч ва мажбуриятларни англамаслик ортиқча югур-югур ва оворагарчиликларга сабаб бўлишини олдини олиш фурсати етди.
Элдор Баҳодиров,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари