Коронавируснинг “омикрон” штамми дунёдаги эпидемиологик вазиятни бутунлай издан чиқариб юборди. Ҳозир кўплаб мамлакатлар бу мутация туфайли пандемиянинг янги, айни пайтда жуда шиддатли тўлқини билан курашмоқда.
Масалан, бундан беш ҳафта олдин — 28 ноябрь санасида АҚШда COVID-19ни юқтириш билан боғлиқ кунлик ҳолатлар 24 мингтани ташкил этганди.
Янги турдаги вирус мамлакатга кириб боргач, кўрсаткичлар фавқулодда тезлик билан оша бошлади. Масалан, куни кеча бу ерда суткалик касалланиш статистикаси 1 миллиондан ошиб кетган.
Бу, 28 ноябрь ҳолати билан қиёслаганда, 40 баробардан зиёд кўрсаткичдир. Таҳлилларга кўра, аниқланаётган янги ҳолатларнинг 95 фоизини “омикрон” ташкил этмоқда.
Қолган қитъаларда ҳам вазият ўта мураккаб. Данияда “омикрон” туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 18 нафарга етган бўлса, Жанубий Кореяда янги штаммдан дастлабки икки ўлим ҳолати қайд этилди.
Буюк Британия эса янада танг аҳволда. Касалланиш бир ҳафта аввалги кўрсаткичлардан қарийб 2 баробар ошиб, 4 январда бу ерда 218 мингдан зиёд кишида коронавирус аниқланган. Беморларнинг аксарияти янги штаммни юқтиргани айтиляпти.
Россияда гарчи пандемия тўлқини кундан кун пасаяётган бўлса-да, аммо "омикрон"ни юқтириш ҳолатлари кўпаяётгани ачинарлидир. Мисол учун, мамлакатда янги штаммни юқтириш кўрсаткичлари қисқа муддатда 103 тага етган.
Ана шундай мураккаб вазиятда қатор давлатлар карантин чекловларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда. Ўз навбатида, вакцина жараёнини тезлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Исроил аҳолини “омикрон”га қарши тўртинчи доза билан эмлашга қарор қилган биринчи давлат бўлди. Унга кўра, дастлаб иммунитети заиф инсонлар, 9 январдан эса 60 ёшдан ошган барча фуқаролар ва тиббиёт ходимлари қўшимча вакцина олишлари зарур.
Нидерландияда бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий қилинган. 14 январгача бу ерда аксарият корхоналар ишламайди. Австрияда эса аҳолининг эмланмаган қатлами фақат озиқ-овқат сотиб олиш ёки шифохонага бориш каби ўта зарурий эҳтиёжлар учунгина ўз уйларини тарк этишлари мумкин.
Францияда жамоат транспорти, кинотеатрлар, театрлар ва спорт майдончаларида озиқ-овқат ҳамда ичимликлар истеъмол қилишга тақиқ қўйилди. Янги қоидалар камида уч ҳафта давомида амал қилиши кутилмоқда.
Буюк Британияда эса таътилдан сўнг мактаб ўқувчилари 26 январгача синфхоналарда ҳам тиббий ниқобда бўлишлари шарт. Японияда аксарият чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланди.
Ҳиндистон эса касалланиш кўрсаткичлари ортиши сабабли 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни оммавий эмлашга киришди.