1

"Мени ҳақиқатгўй инсон, деб эслашларини истайман...”

МАДАНИЯТ 14.03.2022, 15:52
"Мени ҳақиқатгўй инсон, деб эслашларини истайман...”

Биз  севиб томоша қиладиган “Шум бола” фильмининг машҳурликка эришишида халқимиз севган санъаткор, Ўзбек Миллий Академик драма теат­рининг актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ­Абдураим Абдуваҳобовнинг ҳиссаси катта. Гарчи у бу ­образни яратиш жараё­нида ­камера нима-ю, актёр қанақа бўлишини ­тушуниб-тушунмай роль ижро этган бўлса-да, қаҳрамонини тўлақонли гавда­лантира олган. Ва у томошабинлар қалбида бир умрга “Шум бола” бўлиб қола олди...

“Мени она дерди...”

Рихси ИБРОҲИМОВА, Ўзбекистон халқ артисти:

— “Шум бола” фильми катта экранларга чиққан пайти Абдураим ҳали мактабда ўқир, иккимиз она-бола бўлиб кўп учрашувларга бирга борардик. Ўша суратга олиш майдончасида боғланган она-болалик риштаси бир умрлик экан. Мени онам дерди, театрдан чиқар маҳалимиз машинаси тайёр турарди.

“Онам чиқсинлар...” деб кутиб турарди. Кимдир бирор юмуш айтса, “Онамни уйларига обориб қўяй, кейин...” дерди. 

Абдураим театр, кино, телевидение ихлосмандлари, биз ҳамкасбларини куйдириб, сафимизни тарк этганига ҳалигача ишонгим келмайди. Бу жудоликни қабул қилишим жуда оғир кечди. 57 ёш нима деган нарса? Болажонимни олдига қўйган мақсадлари кўп эди. 

У ҳақида гапирган одам сўзи бошида, албатта, “Тириклигида ўзига ҳайкал қўйган актёр” деган таърифни беради. Мана, чиндан ҳам “Тошкент City”да ҳайкали қўйилди, лекин бирор марта шуни тилга олиб мақтанганини эшитмадим. 

“Ўн ойда учта тўй қилдилар...”

Абдужаббор АБДУВАҲОБОВ, ўғли:

 

— “Тошкент City” янги очилган пайти дўстим билан айлангани бордик. У менга “Бу ерда дадангнинг ҳайкали бор” деб қолди. Ҳайрон бўлдим, кейин ҳайкал ёнига бориб, суратга тушдик. Уйга келгач, дадамнинг ўзларига кўрсатдим. Улар учун ҳам бу кутилмаган янгилик бўлди. “Қаерда бу?” деб ҳайрон қолдилар. Хабарлари йўқ экан. Ўша куни анча гаплашдик. Роса хурсанд эдилар.

Охирги кунларида оналарини кўп эсладилар. “Онамни соғиндим...” деб айтардилар. Яратган одамга умрининг саноқли кунлари қолганини сездирадими, билмадим. Лекин болаларим қўрқмасин дедиларми, бизга айтмадилар. Ўн ойда уч фарзанднинг тўйини қилдилар.

“Уни ўн уч яшарлигидан танирдик...”

Эркин ХУШВАҚТОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ­драматург:

 

—Биз ­Аб­дураим аканинг “Шум бола”сини кў­риб катта бўлганмиз. Ўн уч ёш­ли боланинг экрандаги ижроси­дан ҳайратга тушганмиз. Буни қарангки, бугунги кунда бу фильм ўзбек киносининг дурдона асарига айланган. 

Абдураим Абдуваҳобов ҳақиқатгўй, чўрткесар, мард, гапирган гапига жавоб берадиган, ўз дунё­қараши, фикри бор одам эди. Одамохунлиги, чиройли муомаласи туфайли бир-биримизга чексиз  ҳурматимиз бўлган. Миллий театрда қўйилган биринчи асарим “Чимилдиқ”даги бош ролни устоз режиссёрларимиз айнан ­Абдураим акага ишониб топширишгани менинг бахтим десам, муболаға санашмас. Куёв образини улар шунчалик юксак маҳорат билан ижро этиб бердиларки, бу асар томошабинни театрга қайтарган спектакль даражасига кўтарилди. Бу менинг гапим эмас, соҳа мутахассислари, халқнинг гапи! Камтарликни қаранг: “Сизнинг “Чимилдиқ” асарингиз бизни машҳур қилди”, дердилар. Мен бўлсам “Йўқ, спектакль жамоаси, актёрлари, режиссёрларининг меҳнати мени драматург Эркин Хушвақтов қилди”, дердим. “Асарингиздаги “Қошлар, кўзлар, киприклар сўзлашди” каби чиройли сўзларни айтиб, ролимни маза қилиб ўйнайман”, дердилар. Абдураим акада Яратган берган истеъдод бор эди. Драматург айтган сўзнинг тагидаги маъноларини ҳам томошабинга етказиб бера олиш қобилиятига эга ижодкор эди.

“Талабалигидааразлашиб Қолгандик...”

Мунаввара АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат ­кўрсатган ёшлар ­мураббийи:

— Абдураим Абдуваҳобов жуда тиришқоқ талаба бўлган. 

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Иккинчи курсда ўқиб юрган пайтлари актёрлик маҳоратидан имтиҳонга бир нечта адабий парчалар тайёрладик. Ўша айни иш қизғин пайт Абдураимни Тожикистонга съёмкага таклиф қилиб кетишди. Албатта, бу талаба учун жуда қувончли воқеа. У ҳеч нарсага қарамай съёмкага жўнаб кетди. Натижада мен у ижро этадиган ролларни бошқа болаларга беришга мажбур бўлдим. Имтиҳонларга бир ҳафта қолганда келди. Астойдил хафа бўлиб, гап­лашмай қўйдим. Бир куни йиғлагудек бўлиб алам билан “Кино ҳам санъат-ку, мени нега қийнаяпсиз...” деб гапирди.

Мен шунақа қилишим ҳам керак эди, чунки индамасам эртага бошқа талаба ҳам Абдураимнинг ишини такрорларди. Ўқишлар тугаб, таътилга кетдик. Кузда яна кўзимга мўлтиллаб тикилиб турибди. Охири ўтириб жиддий гаплашиб олдик, мен унга кино, ижод ҳаммаси бўлади, аммо ҳозир у учун ўқиш биринчи ўринда эканлигини тушунтирдим. “Кино яхши, лекин у актёрнинг янги қирраларини очиб беришга хизмат қилмайди. Театр эса актёрни чархлайди”, деб уқтирдим. Аразни унутдик. Барака топсин, шу гапим таъсир қилиб, умрининг охиригача театрга жон-дили билан хизмат қилди. 

“Ростгўйлиги сабаб ундан бироз чўчиб туришарди”

Эркин КОМИЛОВ, Ўзбекистон халқ артисти:

— Абдураим  бир сўзли бола эди. Ёш бўлишига қарамай тўғри фикрлаши, тўғрисўзлиги учун ҳам уни Бадиий кенгаш аъзолигига қўшгандик. Гарчи ўзи баланд бўйли бўлмаса ҳам, туришида, гапида, атрофдагиларга муомаласида маҳобат, салобат бор эди. Бадиий кенгашда бировдан истиҳола қилиб ўтирмай, ким бўлишидан қатъи назар, ростини айтарди. Шунинг учун ёш бўлса ҳам Абдураимга сўз берилса, ҳамма чўчиб қоларди...

“Ўртоқ, ўзимиздан яхшиси йўқ, дерди...”

Зуҳра Ашурова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Абдураим Абдуваҳобов дўс­тим, дардкашим, сирдошим, кўп йиллик қадрдонимбўлган. Дардимни тўкиб солсам, эшитарди, таскин берарди, охирида “Ўртоқ, ўзимиздан яхшиси йўқ”, деб қўярди. Ўзимизнинг доим такрорлайдиган шунақа гапимиз бўларди.

У бор жойда кулги, ҳазил-мутойиба бўларди. Бир журналистга берган интервьюсини кўрганимда “Сизни қандай инсон деб эслашларини хоҳлайсиз?” деган саволга “Ҳақиқатгўй инсон эди” дейишларини хоҳлардим”, деган жавоби ёдимда қолганди. Чиндан  ҳам Абдураим ҳақиқатгўй инсон эди. Шогирдлар ўйнаган роллари ҳақидаги фикрини сўрашса, гапни танқиддан бошларди. Мен хижолат бўлсам, “Агар танқидимдан хафа бўлса, ўзига душман бўлади. Мақтовни ҳаммадан эшитаверади. Камчилигини мендан эшитиб тузатса, ўзига фойда”, дерди. 

Биз — ҳамкасблари бирор нарсадан сиқиладиган бўлсак,  “Ўтиб кетади...” деб қўл силтаб қўярди. Саҳнада, кинода жуда кўп маротаба партнёр бўлганмиз.  Режиссёр Рустам Саъдиевга “Муҳаббат синовлари” фильмидаги аёл ролига мени чақириш фикри ҳам Абдураимдан чиққан экан. Фильмдаги ўғил отасига машина совға қилган эпизодни шунақанги табиий, қўллари қалтираб ҳая­жон билан ўйнаганида мен ҳам тўлқинланиб кетганим кечагидай эсимда...

Туҳфа НАЗАРОВА

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1