АсосийJamiyat

Тожикистондан гиёҳвандлик воситалари олиб кираётган фуқаролар қўлга олинди

'Тожикистондан гиёҳвандлик воситалари олиб кираётган фуқаролар қўлга олинди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи, 1981 й.т. фуқаро 5 кг 817 гр. “гашиш” моддасини ўзбек-тожик давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида хуфиёна жойга яширган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХХ Матбуот хизмати хабар берди. 

Шунингдек, Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Риштон туманида яшовчи, 1993 й.т. шахснинг топшириғига кўра Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1985 ва 1990 йилларда туғилган икки фуқаро Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига боришади ва муқаддам тожикистонлик наркокуръер томонидан контрабанда йўли билан ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган 2 кг 678 гр. “гашиш” моддасини олиб, ортларига қайтишади. Улар келаётган автотранспорт воситаси Хизматнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини жалб этган ҳолда Данғара туманида тўхтатилиб, наркокуръерлар қўл олинди. Шунингдек ушбу ажал оғусининг буюртмачиси ҳисобланган риштонлик фуқаро ҳам ушланди. 

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1983 й.т. шахс 1 кг 883 гр. “опий” моддасини Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманига олиб келиб, 1980 й.т. фуқарога сотаётган вақтида уларнинг иккаласи ҳам ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Шунингдек, Тожикистон Республикасидан ўтказилган ушбу наркотикнинг эгаси - деновлик, 1985 й.т. фуқаро ҳам ушланди.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. фуқаро “Бек Барака” савдо мажмуаси ёнида Хизматнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида 926 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланди. Шунингдек, унинг 1993 й.т. акасининг Янгийўл туманидаги вақтинча яшаш хонадонидан 369 гр. “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам учинчи шахслар томонидан Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилганлиги маълум бўлди. 

Қашқадарёда кузатилган ҳолатда Сурхондарё вилоятида яшовчи, 1985 ва 1987 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган икки фуқаро 514 гр. “опий” моддасини Денов туманидан Косон туманига олиб кетаётган вақтларида ушланди.

Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Хўжаобод туманида яшовчи, 1990 й.т. шахс 4480 дона “Лирика” ва 895 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса 1987 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонида 1160 дона “Селофен”, 60 дона “Тропикамид”, шунингдек, унинг шериги, 1985 й.т. шахсга тегишли “Нексия” русумли автомашинада 2240 дона “Регапен” ва 100 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшовчи, 1993 й.т. фуқаро муқаддам Қирғизистон Республикасидан Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудига ўтказилган 1218 дона “Лирика” ва 898 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келаётган вақтида Ширин шаҳрида қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар