1

Наврўзда ҳар бир вилоятда ўзига ҳос таомлар тайёрланади. Рецептлар билан танишинг

ЖАМИЯТ 21.03.2022, 15:57
Наврўзда ҳар бир вилоятда ўзига ҳос таомлар тайёрланади. Рецептлар билан танишинг

Шарқ халқларининг байрами саналувчи Наврўз ўзига хос удумлар асосида нишонланади. Бу кун тайёрланадиган таомлар ҳам ўзгача бўлиб, ҳар бир вилоятда ўз анъаналари, иқлими асосланган ҳолда тайёрланиб келинади. 

Тошкентча тўй оши ва от гўштидан ҳалим

Пойтахтликлар Наврўзни ҳалим тановул қилиш билан кутиб олишади десак, муболаға бўлмайди. Ҳаттоки сумалакка йиғилганлар ҳам дастурхонга устида нўхатлари ўйнаб турган ҳалим ва қат-қат хамирли кўк сомсаларни қўйишади. Бундан ташқари, деярли барча вилоят аҳолисига манзур келадиган машҳур тўй оши ҳам ўзгача меҳр билан тайёрланади. 

 

Хоразмда байрам тухумбараксиз ўтмайди

Хоразмликлар тошкентликлардан фарқли ўлароқ от гўштидан тайёрланган таом­ларни хуш кўришмайди. Наврўз куни уларнинг асосий пиширадиган таомлари тухумбарак, исмалоқдан гумма ва нўхатсиз парҳез ош ҳисобланади. Шу билан бирга, баҳор келиши биланоқ уйларидан кўкбаракнинг ёқимли ифори анқийди. Кўкбарак ярим ой шаклида тугилган, чучваранинг каттароғи десак бўлади. 

 

Сурхондарёнинг антиқа мошбараклари

Сурхондарёнинг мошбараклари ҳақида ҳамма ҳам билмаса керак. Наврўз айёмида ҳам меҳрибон онажонлар болаларга қувват бўлиши учун айнан мана шу таомни ҳам тайёрлашади. Сувда пишириб олинган мош ва зираворлар хамир ичига солинади ва худди бараклар сингари тугилади. Сўнгра уларни обдон қизиган ёғда пишириб олишади. 

 

Қўқонликлар чалпак улашади

Гарчи Қўқонда бундай одат узоқ йиллардан буён бўлмаса-да, аксарият қишлоқларда одамлар чалпак пиширишади. Ва байрам олди ўтган йўловчиларни иссиққина чалпаклар билан меҳмон қилишади. Сўнгра ўчоққа ўт қалашади-да, ошга уннаб кетишади. 

 

Қашқадарёча шакарли қатлама ва антиқа ёрма

Қашқадарёликлар дастурхони ҳар қандай байрамда гўштли таомларга бой бўлиши кўпчиликка маълум. Шу билан бирга, бошқа вилоятларда мавжуд кўк сомса, кўк чучваралар ҳам меҳр билан тайёрланади. Фақат Қашқадарёга хос бўлган “ёрма” тао­мини баҳорга кирибоқ аёллар оила аъзоларига тақдим этишади. Ёрма уни ва гўшт узоқ вақт давомида пиширилгани сабаб бу таом ниҳоятда юмшоқ ва мазали чиқади. Қолаверса, шакарли қатламалар пиширишда ҳам қашқадарёликларга етадигани йўқ. 

 

Самарқанднинг машҳур қаймоқли бичаклари

Самарқандда байрам куни ҳамманинг дастурхонида икки таом, албатта, бўлади. Бу ҳолвайтар ҳамда қаймоқли бичаклар. Ва самарқандликлар “халиса”, яъни “ҳалим” таомига ҳам ўзгача меҳр қўйишган. Тандирда ёпилган кўкатли, исмалоқли бичаклар устига қаймоқ суртилиб, келган меҳмонларга улашилади. Наврўз кунида Самарқандга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам такрорланмас таъмли бичаклардан тановул қилиб, ҳайратда қолишади.

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1