АсосийЖамият

“Самарқанд нўхат шўраги” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Адлия вазирлиги ушбу таомни географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатига кирғизди.

'“Самарқанд нўхат шўраги” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди'ning rasmi

Ўзбек миллий таомлари орасида ўзига хос таъми, гўшти ва нони билан ажралиб турадиган “Самарқанд нўхат шўраги” энди расмий мақомга эга.

Адлия вазирлиги ушбу таомни 2025 йил 3 июль куни географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда “Адлия хабари” маълум қилди.

Маълумот учун, географик кўрсаткич – бу маълум бир ҳудудга хос маҳсулот ёки таомни белгиловчи, сифати ва шу ерга тегишлилиги билан боғлиқ бўлган белги ҳисобланади.

“Самарқанд нўхат шўраги”нинг айнан шу мақомни олиши бежиз эмас. Чунки:

— Унда гўшт ва илик қайнатилган шўрвалар аралашмаси мавжуд;

— 1-2 соат хона ҳароратида қуритилган Самарқанд нони ишлатилади;

— Ва ниҳоят, бу таом фақатгина Самарқанд шаҳрига хос бўлган қадимий услубда тайёрланади.

Расмий ҳужжат Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов томонидан, вилоят ҳокими в.б. Адиз Бобоевга топширилди.

Шу тариқа, ўзбек халқининг миллий таомлари яна бир бор эътироф этилди ва ҳимояга олинди.

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги – географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ваколатига эга ягона орган ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар